Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация Швейцариянинг Женева шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турибди. Айни вақтга қадар режага кўра, халқаро ташкилотлар вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказилди.

Хусусан, бугун Ж.Хўжаев Жаҳон савдо ташкилоти Бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан музокара ўтказди.

Учрашув чоғида Ўзбекистоннинг ЖСТга қабул қилинишини тезлаштириш масаласи, жумладан, жорий йил 14-15 март кунлари ишчи гуруҳнинг 6-йиғилишини ўтказиш имконияти муҳокама қилинди. Жараённи жадаллаштириш мақсадида барча аъзо давлатлар билан товар ва хизмат бозорига кириб бориш юзасидан икки томонлама музокараларни фаоллаштириш, мулоқотлар якуни бўйича тегишли баённомалар имзолаш зарурлиги қайд этилди.

ЖСТ Бош директори ҳукуматимиз томонидан ЖСТга қўшилиш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатни, жумладан, йирик аъзо давлатлар билан икки томонлама музокараларни юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, республикамизнинг фаоллиги, ташаббускорлиги туфайли мавжуд ҳамкорлик ижобий ўсиш суръатини намоён қилди.

Женевада кун тартибидан ўрин олган Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳ 6-йиғилишида икки кун давомида республика савдо режимининг барча жиҳатларига тааллуқли 10 дан зиёд янги ҳужжат кўриб чиқилади.


ЎзА