2017-2022 йилларда мамлакатимизда пул-кредит сиёсати босқичма-босқич эркинлаштирилмоқда.

ПМТИ экспертлари томонидан Ўзбекистонда пул-кредит соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари бўйича олиб борилган тадқиқот таҳлилига кўра, 2017 йилда Ўзбекистон Марказий банки алмашинув курсларининг унификация қилиниши ва валюта бозорининг эркинлаштирилиши муҳим ислоҳот бўлди. Бу ўзбек сўмининг ягона курси шаклланишига олиб келиб, корхоналарнинг халқаро миқёсдаги фаолиятини осонлаштирди.

2018 йилда эса Марказий банк бошқаруви Молиявий оммабоплик альянсига (Alliance for Financial Inclusion) аъзо бўлиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди ҳамда қатор ислоҳотларни амалга оширди. Бу янгиликлар натижасида банк хизматларини масофадан кўрсатувчи тизимлардан фойдаланувчилар сони 15 маротаба, кредит қўйилмалари 7,4 маротаба, банк активлари 6,6 маротаба, жалб қилинган депозитлар ҳажми 5,8 маротаба ошди.

Ўз навбатида, 2019 йилда ҳукуматнинг инфляцияни таргетлаш бўйича 5 йиллик стратегия эълон қилиниши мазкур соҳа учун қатор вазифалар белгилангани билан янада аҳамиятли бўлди. Жумладан, унда инфляция даражасини 4-5 фоиз атрофида ушлаб туриш вазифаси қўйилган. Унга кўра, банк сектори эркинлаштирилди ва соғлом рақобат муҳити шакллантирилди. Шунингдек, 2025 йилгача олтита давлат банкини хусусийлаштириш кўзда тутилган.

Стратегияга мувофиқ, Ипотека-банкдаги давлат улушининг 75 фоизи Венгриянинг ОТП банкига сотилди. Шунингдек, банк тизимида рақамлаштириш кенг миқёсда татбиқ этилиб, банкларнинг мобил иловалари сони 21 тадан оширилди. Ўз фаолиятини бошлаган “TБC Банк» ва “Aнорбанк» каби рақамли банклар  бу ишларнинг ёрқин далилидир.

ЎзА