Сўнгги бир неча йилда сайёрамизнинг турли нуқталарида ғайриоддий ва фавқулодда кам учрайдиган табиат ҳодисалари бўлиб тургани тўғрисидаги хабарлар тобора кўп эшитилмоқда.

Ўтган тунда Москва аҳолиси ажойиб табиат ҳодисасига гувоҳ бўлди – Сергиев Посад шаҳри осмони узра шимол ёғдуси нур сочди.

Россиялик метеорологларнинг фикрича, бундай кўриниш – Москва кенгликлари учун фавқулодда ҳодисадир. Тахминларга кўра, у Ер ионосферасининг жиддий таъсирланиши ва йирик геомагнит бўронининг таъсири натижасида пайдо бўлган.

Кучли сув кўтарилишлари билан танилган Венецияда (Италия) сув сатҳининг ҳаддан ташқари – одатдагидан ярим метрга пасайиши туфайли – деярли барча каналлар қуриб қолди. Бу катердан фойдаланадиган сув таксилари, гондолалар ва шаҳар шошилинч ёрдам хизмати ишига халақит бермоқда.

Экспертларнинг фикрича, бу ҳолат минтақада сўнгги бир неча ой мобайнида шаклланган қурғоқчиликнинг натижаси бўлиб, ёмғирнинг йўқлиги вазиятни янада оғирлаштирди.

Сўнгги йилларда Венецияда кучли сув тошқинлари кўпайган. Улардан энг йириги 2019 йилда содир бўлган. Ўшанда шаҳарга деярли бир миллиард еврога баҳоланган зарар етказилган. Шундан сўнг, Венеция ҳукумати табиий офатлардан келадиган зарарни камайтиришга чақирадиган MOSE лойиҳаси устида иш бошлади. Уни жорий йилнинг охирига қадар якунлаш режалаштирилган.

Сўнгги ойларда Ернинг турли минтақаларида кузатилаётган ғайриоддий  ва даҳшатли табиат ҳодисалари ўртасида боғлиқлик мавжудлигини айтиш қийин. Биз яшаётган сайёрамиз қонуниятлари ҳақида ҳали жуда оз маълумотга эгамиз.

Роман БОНДАРЧУК, 
ЎзА