Эртага, 1 март куни Тошкент ва Фарғона стадионларида 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги қитъа чемпионати бошланса, 2-9 март кунлари пойтахтимиздаги “Жар” спорт мажмуасида қиличбозлик бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида қитъа чемпионати, 3-5-март кунлари «Юнусобод» спорт мажмуасида дзюдо бўйича Париж-2024 Олимпиадасига рейтинг очколари тақдим этадиган “Катта Дубулға” туркумига кирувчи турнир, 12 март куни Тошкентда Олимпия очколарини тақдим этадиган “V International Tashkent Marathon” ва 13 та ҳудудда Yangi nafas” югуриш мусобақалари бўлиб ўтади.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида қиличбозлик ва дзюдо бўйича ўтадиган нуфузли турнирларга тайёргарликнинг боришига бағишланган ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда мамлакат қиличбозлик ва дзюдо федерацияси мутасаддилари мусобақаларга тайёргарлик бўйича қилинаётган ишлар юзасидан ахборот тақдим этди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов халқаро мусобақаларни ўтказиш билан боғлиқ ҳар бир ҳолат бўйича мусобақаларни ташкил этишга дахлдор вазирлик ва идора мутасаддилари ҳамда мутахассисларига зарур кўрсатмаларни бериб ўтди.

Йиғилишда айтилганидек, қиличбозлик мусобақаларида қитъанинг 38 та давлатидан 700 нафардан зиёд, дзюдо турнирида 52 та давлатнинг 600 нафар атрофида хорижлик спортчилар, ҳакам ва мураббийлар, Халқаро спорт ташкилотлари раҳбарлари, экспертлар, бир қатор чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари юртимизга келаётганлиги, уларнинг умумий сони 5 минг атрофида бўлиши Ўзбекистон қисқа фурсатда халқаро спорт мусобақалари марказига, қолаверса спорт туризми ривожланган давлатлардан бирига айланаётганлигидан далолатдир.

Дарҳақиқат, бир пайтда, яъни 1-18 март оралиғида юртимизда футбол, қиличбозлик, дзюдо, енгил атлетика бўйича тўртта жаҳон аҳамиятига молик турнир  ташкил этилаётганлиги Ўзбекистон спортининг тарихий кўрсаткичларидан биридир.

Муҳокамалар давомида мазкур спорт тадбирларида қатнашиш учун Ўзбекистонга келаётган чет эллик спорт делегацияларининг жойлашуви, уларнинг хавфсизлиги, саломатлигини муҳофаза қилиш, мамлакатимизнинг тарихий ва замонавий масканларини зиёрат қилиши, мусобақаларнинг расмий тадбирларига ҳозирлик кўриш каби қатор масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Тегишли ташкилотларга аниқ вазифалар юкланди.

Эслатиб ўтамиз, футбол мусобақаларида қатнашадиган барча жамоалар юртимизга етиб келган бўлса, «Катта Дубулға» турнирида қатнашадиган Хитой, Хитой Таипейи, Туркманистон жамоалари ҳамда Халқаро дзюдо федерацияси вакиллари бугун пойтахт аэропортида кутиб олинди. Қиличбоз бўйича Жанубий Корея ва Япония терма жамоалари эса айни пайтда Тошкентда ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА.