Қатар давлат расмий интернет саҳифаси (Amiri divan), Қатар Ахборот агентлиги – QNA ва бошқа кўплаб нашрлар Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов ва Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний учрашуви ҳақида мақолалар эълон қилди.
Хабарларда Умурзоқов Қатар амирига Президент Шавкат Мирзиёевнинг мактубини етказгани, номада икки томонлама муносабатни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш истиқболи ҳақида сўз боради.
Шунингдек, араб ОАВда Қатар Палатаси биринчи вице-президенти Муҳаммад бин Аҳмад бин Тавор Ал-Куварий мамлакатимиз инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан учрашганига эътибор қаратган.
Мулоқот давомида савдо айирбошлаш миқдорини ошириш ва кейинги босқичда қўшма саноат ва сармоявий шерикликни кенгайтириш йўллари таҳлил қилинган, мавжуд инвестиция муҳити ҳамда Қатар тадбиркорлари билан ҳамкорлик учун мавжуд имконият кўриб чиқилгани урғуланган.
Келгусида қатарлик ишбилармонларни диёримизга ташрифи, кончилик, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, қайта тикланадиган энергия манбалари, нефть-газ ва бошқа соҳалардаги сармоявий имконият кўриб чиқилгани ҳам таъкидланган. Қўшма ишбилармонлар кенгашини тузиш имконияти муҳокама қилиниб, Қатар – Ўзбекистон бизнес-форумини ташкил этиш зарурлиги маъқулланган.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА