Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида туну-кун ҳаёт қайнайди. Кимлардир бу даргоҳ орқали юртимиздан олис манзиллар сари ошиқаётган бўлса, яна кимлардир ватанимизга илк қадамини айнан шу ердан бошлайди.
Ватанимиз спортчилари учун эса пойтахт аэропорти дуолар билан кузатиладиган, ғолиблик байроғини баланд тутиб қайтаётганда шод-у хуррамлик, ғурур билан қаршиланадиган муаззам жойга айланиб қолган.
Бугун, 28 февраль тонг соат 02:00да Тошкент аэропортида Болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича ўтказилган “Странжа” халқаро турнирида дунёнинг энг кучли боксчиларини доғда қолдириб, Ўзбекистон байроғини жаҳон спорт майдонларида сарбаланд қилган чарм қўлқоп усталари муносиб қарши олинди.
Эътиборлиси, 74-бор ўтказилган турнирда Тўлқин Қиличев бош мураббийлигидаги мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари 7 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза, жами 18 та медаллар шодасини қўлга киритиши, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаши ўзбек боксининг қудрати ҳамиша юксак эканлигининг ёрқин намунаси бўлди.
Болгария рингларида деярли етти кун давом этган жанглар тафсилоти, унда иштирок этган боксчиларнинг “Ўзбек йўлбарслари”дан мағлуб бўлиши ёки жангдан бош тортиш ҳолатлари бугун жаҳон спорт нашрларида, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Бу, “Париж-2024” Олимпиадаси, жорий йил Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларидаги баҳслар боксчиларимиз учун ҳар қачонгидан ҳам масъулиятли бўлишини англатади.
Ғолиб боксчиларимизни кутиб олиш маросимида иштирок этган ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабоев, Миллий олимпия қўмитаси мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари, спортчиларимизнинг яқинлари муваффақиятлар замиридаги тинимсиз меҳнатлар, изланишлар, ҳукумат даражасида ишлаб чиқилган дастурлар самараси эканлигини таъкидлади. Софияда қўлга киритилган бу натижа келгуси ютуқларга замин бўлиши лозимлиги билдирилди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА