АОКАда ўтказилган брифингда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси бошқарма бошлиғи Жўрабек Ҳожиевнинг маълум қилишича, ўтган йилда жамғармага халқаро молия институтлари томонидан 12,9 млн. доллар ва 6,5 млн. евро маблағ жалб қилинган.
Хусусан, Жаҳон банкидан 10 млн. доллар миқдорида 1-транш маблағлари, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасидан 2,9 млн. доллар ва Франция тараққиёт агентлигидан 6,5 млн. евро жалб қилинган.
Ўтган йил мобайнида Жамғарманинг молиявий ёрдамларидан фойдаланиб келган энг фаол тижорат банки, ҳудуд ва соҳа аниқланди.
Таҳлил натижаларига кўра, кафиллик бўйича Агробанк, компенсация бўйича Миллий банк молиявий ёрдамлардан энг кўп фойдаланган. Ҳудудлар кесимида кафиллик бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, компенсация бўйича эса Сурхондарё вилояти етакчилик қилмоқда. Соҳалар кесимида эса хизматлар соҳаси энг юқори кўрсаткични эгаллаб турибди. Бунда, кафиллик 400 млрд. сўмни, компенсация қарийб 216 млрд. сўмни ташкил этган. Кафиллик бўйича эса 1 192 млрд. сўм мажбурият олинган бўлиб, жами 10 330 млрд. сўмга етган. Олинган жами кафиллик мажбурияти бўйича 25,3 млрд. сўм тўлаб берилган.
Ш.Маматуропова, ЎзА