Қонун лойиҳасига шарҳ

“Қонун лойиҳасига шарҳ” лойиҳасининг навбатдаги сонида “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мазмунини шарҳлашни мақсад қилдик. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова билан суҳбатлашдик.

– Аввало, тиббиёт соҳасидан чиққан вакил сифатида наркологик касалликлар тушунчасига таъриф берсангиз — қандай касаллик бу, кимлар бу тоифадаги касаллар ҳисобланади?  

–  Наркологик касалликка чалинганлар деб наркотик ва психатроп моддалар қабул қиладиган, ичкиликка ружу қўйган, алкоголизмнинг 2-, 3- даражадаги оғир формалари билан касалланганларни айтиш мумкин. Бундан ташқари, таксикомания, яъни бензин ҳидлайдиган ёки шунга ўхшаш нарсаларни ҳидлаб, мароқ оладиганлар ҳам киради. Наркотикларни қабул қилувчилар ҳам турли хил — инъекцион ёки таблетка кўринишида қабул қиладиганлар, қуруқ нашани чекадиганлар ёхуд ҳидлайдиганлар бор. Буларнинг ҳаммаси бир сўз билан наркологик касалликка чалинган шахслар деб юритилади.

–  “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталсангиз, унда қандай масалалар кўзда тутилмоқда?  

–  Амалдаги 2020 йилда қабул қилинган “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги қонун билан ушбу соҳадаги тартиблар белгиланган эди. Бу тоифадаги касалларнинг профилактикаси билан бирга даволаш механизмлари, уларни назоратга олиш, мажбурий даволаниши борасидаги масалалар тартибга солинган эди.

Ихтиёрий равишда даволанишга розилик берган наркологик касаллар ўзига нисбатан талаби сақланиб қолган бўлади, руҳиятида у даражада ўзгариш, муаммо бўлмайди. Аммо энг муаммолиси руҳиятида ўзгариш бор, даволанишни хоҳламайдиган, ўзини касал деб санамайдиган, лекин атрофга, жамиятга, оиласига хавф туғдирадиган касаллар ўз хоҳиши билан шифокорга мурожаат қилмайди.

Бундай касалларнинг борлиги оила учун нафақат моддий, балки руҳий, маънавий томондан жуда катта зарардир. Бу оиланинг бахтсизлиги. Чунки ичкиликка ружу қўйган шундай инсонларни биламизки, оиласидаги бор-будини сотиб, ишламасдан, оиласига зарар келтириб, уруш-жанжаллардан боши чиқмайди, болаларига, аёлига нисбатан салбий муносабатда бўлади.

Наркологик касалликлар ичида авжига чиққани наша чекиб, яна алкогол истеъмол қиладиганидир. Оқибатда улар жуда агрессив ҳолга тушади. Бундай агрессия таъсирида эса ҳатто қотиллик ёхуд қотилликка ҳаракат қилиш ҳолатлари юзага келади. Ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам бўлиши мумкин.

Бу каби вазиятлар амалдаги қонун билан қамраб олинган. Лекин муаммо наркокасалларни мажбурий даволанишга ётқизишда. Шу ўринда наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга ётқизишда ким ваколатли? Тиббиёт муассасаси ва мутахассиснинг хулосаси билан ҳамда яқин қариндош-уруғларининг аризалари билан мажбурий даволашга ётқизиш мумкин эди. Аммо ҳаётда шундай вазиятлар ҳам бўлганки, мажбурий даволашга ётқизилган наркокасал диспансердан чиққанидан кейин уни даволашга ётқизгани учун аёлини уриб, ҳатто ўлдирган.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида  амалдаги “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги қонуннинг 25 ва 27-моддаларига ўзгартишлар киритилиб, ички ишлар органларининг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Яъни, наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни ички ишлар органларининг ташаббуси билан ҳам расмийлаштириш белгиланмоқда.

–  Бу шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга дахл қилмайдими? Яъни, қасддан кимнидир диспансерга олиб бориб ётқизиш ҳолатлари бўлмайдими?  

–  Йўқ. Ҳеч ким ичиб олган кимнидир ушлаб, тўғридан-тўғри диспансерга ётқизолмайди. Бу борада суд қарор чиқаради. Суд эса албатта, суд наркологик экспертизанинг хулосасига таянади. Вилоятларда биттадан суд наркологик экспертиза мавжуд. Ушбу суд наркологик экспертиза касал мажбурий даволаниши керак, деб хулоса берсагина суд қарор чиқаради.

Қонун лойиҳаси билан профилактика ва даволанишдан ташқари тиббий реабилитация жараёнлари ҳам эътиборга олинган. Мажбурий даволаниб чиққан шахс қайта ўша ҳолатга қайтмаслиги учун тиббий реабилитация жуда зарур. Шу боис 12-моддага қўшимча киритилиб, давлатнинг кафолати кенгайтирилди. Яъни, давлат наркологик касалликларни профилактика қилиш, даволаш баробарида тиббий реабилитациясини ҳам кафолатлайди.

Шу ўринда кўпчилик депутатларимизнинг мунозараларига сабаб бўлган бир жиҳатга тўхталмоқчиман. Лойиҳада ички ишлар органларининг ташаббуси билан наркологик касалликка чалинган шахс мажбурий даволашга юборилади, деган жойида депутатларимиз талаби билан “диспансер назоратида турган беморлар” деган сўз киритилди. Юқорида айтганингиздек, дуч келган одамни қасддан, ёмонлик қилиш мақсадида  диспансерга олиб бориб ётқизолмайди. Мажбурий ётқизиш учун албатта, диспансер назоратида турган бемор бўлиши керак. Диспансер назоратига олинишини эса суд наркологик экспертиза ҳал қилади.

—  Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қандай натижа беради?  

—  Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши наркологик касалликларнинг профилактикаси, даволаниши ва тиббий-ижтимоий реабилитациясини ривожлантириш ва кенгайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, атрофдаги фуқаролар хавфсизлиги ва соғлиғига таҳдидларни бартараф этиш, жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолатларининг олдини олишга асос бўлади.

PS: Қуйидаги видеоҳавола орқали шарҳнинг тўлиқ шакли билан танишишингиз мумкин.

 

Муҳтарама Комилова,  

Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА