Молдова Президенти Майя Санду баёнот беришича, мамлакатда ҳукумат истеъфоси билан боғлиқ сиёсий беқарорлик ёки инқироз бўлаётгани йўқ.

Молдова бош вазири Наталья Гаврилица 10 февралда истеъфога чиқишини маълум қилган эди. У билан бирга бутун ҳукумат ҳам истеъфога чиқди. Санду бош вазирликка номзод сифатида ўзининг хавфсизлик ва миллий мудофаа бўйича маслаҳатчиси, собиқ ички ишлар вазири Дорин Речанни кўрсатган.

«Бизда сиёсий беқарорлик бўлаётгани йўқ, янги ҳукумат 16 февралда тасдиқланади, ислоҳотлар, айниқса, Европа институтлари сўраётган Молдованинг евроинтеграцияси билан боғлиқ  соҳаларда  давом эттирилади. Кишинёвда ҳеч қандай сиёсий инқироз йўқ, бу борада хавотир бўлиши мумкин эмас», – деди Санду TVR1 телеканали орқали.

Унинг қўшимча қилишича, янги ҳукумат фуқаролар ва давлат хавфсизлигини мустаҳкамлашга, иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш ҳамда юксалтиришга  эътибор қаратади.