Расмий маълумотларга кўра, Россияда 3 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилади. Улар орасида ўқиб, ҳаётда юксак натижаларга эришган кема капитанлари, сармоядор инвесторлар, олимлар ва ҳатто маҳаллий кенгаш депутатлари бор. Масалан,Равшанбек Қурбонов Санкт-Петербургнинг Литейний округидан депутат этиб сайланган. Улар губернатор ҳузуридаги маслаҳат кенгашининг аъзоси, Ленинград вилоятидаги ватандошлар жамиятининг раиси. Биз бу ҳамюртимиз билан суҳбатлашдик.
– Ленинград қамалида 10 минглаб ўзбекистонлик жангчилар иштирок этган. Уларнинг аксарияти Ленинградни душмандан қутқариш учун жонларини берган. Сиз депутат, жамоат арбоби сифатида ана шу шаҳид кетган юртдошларимизга Санкт-Петербург ёки Ленинград вилоятида муносиб ёдгорлик ўрнатиш масаласида қандай фикрдасиз?
– Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб ҳалок бўлган аждодларимиз хотираси ҳамиша ёдимда. Улар бизнинг бугунги кунимиз учун жонларини фидо қилишган. Маълумки, Ўзбекистон фашизм устидан қозонилган ғалабага жуда катта ҳисса қўшган. Агар уруш бошлангунга қадар Ўзбекистонда 6 миллион 550 минг одам яшаган бўлса, уларнинг 1 млн. 950 мингдан ортиғи урушга жўнатилган. Бу – аҳолининг учдан бири ёки қурол ушлашга яроқлиларнинг иккидан бирига тенгдир. Уларнинг 538 минги афсуски, урушда ҳалок бўлди. 138 минги эса ном-нишонсиз кетишган. 640 минг жангчи эса ярадор бўлган. Қаҳрамон унвонига сазовор бўлганлар сони бўйича ҳам ўзбекистонлик жангчилар энг кўпчиликни ташкил этади. 338 жангчи шундай шарафли номга муяссар бўлган. 70 та жангчи эса «Шуҳрат» орденининг барча босқичига эришган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев уларнинг хотирасини абадийлаштириш учун жуда катта ишларни амалга оширмоқда. Мен Санкт-Петербург ҳукумати йиғилишларидан бирида Ленинград блокадаси қаҳрамони бўлган ватандошларимизга ёдгорлик ўрнатиш масаласида гапирдим. Таклифим Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти ҳукумати томонидан маъқулланди. Ўтган йилнинг 15 майида ёдгорлик учун ер ажратилди ва унга рамзий биринчи тошни қўйдик. У ерда келгусида ўзбекистонлик жангчилар хотирасига мемориал мажмуа бунёд этамиз.
– Москвада Алишер Навоийга ҳайкал қўйилган чоғда шундай ёдгорлик Санкт-Петербурга ҳам қўйилади деган фикр айтилган эди…
– Санкт-Петербургдаги «Дўстлик» уйида буюк шоирнинг бюстини кейинчалик ҳайкалини ўрнатиш режаларимиз ҳам бор. Бир ой илгари Ўзбекистондаги «Алишер Навоий» жамғармаси раҳбари билан учрашган эдим. Бу масалада биз ҳамкорлик қиляпмиз. Навоийга бюст ҳам, ҳайкал ҳам ўрнатилади.
–1942 йилнинг 9 февраль куни немис босқинчилари бу ердан атиги бир неча чақирим наридан бомбалар ёғдираётган чоғда ҳам Эрмитажда Навоий ижодига бағишланган анжуман бўлиб ўтган.
– Биз ҳар йили Навоийхонлик кунларини ўтказиб келамиз. 9 февраль – Навоийнинг таваллуд куни ҳам шундай ўтказилди.
– Эшитишимизча Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятида 700 мингга яқин ўзбекистонликлар яшайди. Бу ерда ўзбек миллий маданият марказини очиш вақти келмадими? Ўзбек маданияти, санъати, давлатчилик тарихи, иқтисоди, сайёҳлик салоҳиятини шу ерда тарғиб қилиш мумкинку.
– Бу масала Ўзбекистон билан боғлиқ. Мен Ўзбекистондаги тегишли идораларга шу масалани кўриб чиқиш учун бир неча хат юбордим. Ўзбекистон бизга ҳам умид ва ишонч берди. Ҳозирча Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари, амалий келишувлар турли жойларда ўтказиляпти. Агар маданият маркази очилса, унда Ўзбекистон ҳақида ҳамма маълумот бўлади. Одатларимиз, инвестицион дастурлар, сиз айтгандек, туристик салоҳият ҳақида маълумот олади. Бу ерда кутубхона ҳам бўлади. Санкт-Петербургда озарбайжон, арман, қозоқ ва бошқа халқларнинг маданият марказлари бор. Афсуски, Ўзбекистон маданият маркази ҳалигача йўқ. Шундай марказ очилишидан умидвормиз.
– Вақт ажратиб, Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлигига интервью берганингиз учун раҳмат.
Муҳаммаджон Обидов