Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Оролбўйи аҳолиси турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш орқали иш ўринлари яратиш, аҳолини қийнаётган турли муаммоларни бартараф этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош тумани Сурхондарё вилоятига бириктирилган эди.

Сурхондарё вилояти тадбиркорлари томонидан Тахиатош туманида 2022-2023-йилларда қиймати 239,6 миллиард сўмлик 19 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 1 минг 372 та иш ўрни яратиш режалаштирилган. Жумладан, саноат соҳасида 157 миллиард сўмлик 10 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 38,2 миллиард сўмлик 4 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 44,5 миллиард сўмлик 5 та лойиҳа амалга оширилади. 

Сурхондарёлик тадбиркорларнинг ёрдами билан “Сарайкўл” овул фуқаролар йиғинида ёшлар учун мини футбол (газон) майдончаси, “Халқлар дўстлиги” маҳалла фуқаролар йиғинида кутубхона, “Тахиатош” маҳалла фуқаролар йиғини биноси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, туман ёшлари учун 2 та янги Workout майдончаси учун асбоб-анжомлар олиб келиниб, “Ёшлар боғи” қурилишига 2 миллиард сўм маблағ ажратилди. Туманнинг дренаж тизимини янгилашга моддий кўмак кўрсатилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан 100 та хонадонга мўлжалланган иссиқхона қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Умумий қиймати 3,5 миллиард сўмлик 1 та лойиҳага ер майдони ажратилиб, ҳозирда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” Инжинеринг компанияси  томонидан мазкур объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлса, қиймати 158,9 миллиард сўмлик 10 та лойиҳа ташаббускорлари томонидан танланган ер майдонлари 2023 йилнинг 9-14 февраль кунлари бўлиб ўтадиган электрон аукцион савдосига чиқарилмоқда.

Қолган қиймати 69,7 миллиард сўмлик 6 та лойиҳага ер майдони талаб этилмайди. Чунки лойиҳа ташаббускорларининг мавжуд ер майдонларида амалга ошрилилиши режалаштирилган ушбу лойиҳалар доирасида тижорат банклари билан биргаликда тармоқ жадвалига мувофиқ ишлар олиб борилмоқда.

Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туман ҳокимликлари Тахиатош туманининг ҳар бир маҳалла ҳамда овул фуқаролар йиғинларига “маҳаллабай” ишлаш тизимини ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни кенгайтириш ҳамда аҳоли бандлигига кўмаклашиш мақсадида бириктирилди. Ўтган йилнинг апрель ойида вилоятдаги барча шаҳар ва туман ҳокимликлари ўзларига бириктирилган ҳудудларга ташриф буюрган ҳолда, “маҳаллабай” ишлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тажриба алмашилди.

Ташриф давомида ҳудуд аҳолисини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор ишлар олиб борилди. Ўз навбатида Тахиатош тумани фаолларининг ҳар чоракда вилоятга ташрифлари ташкил этилиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, тажриба алмашиш тизими йўлга қўйилди. Жумладан,Тахиатош тумани ҳокими бошчилигида фаоллар ҳамда ёшлар, шунингдек, ҳоким ёрдамчилари ўтган йилнинг 16-20 март кунлари вилоятга ташриф буюриб, диққатга сазовор жойлар билан таништирилди ҳамда кенг миқёсда нишонланган “Наврўз” умумхалқ байрамида иштирок этди. Апрель ойида Сурхондарё вилояти хокими бошчилигида ташкилотлар, фаоллар, тадбиркорлардан иборат делегация Тахиатош туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш, “маҳаллабай” ишлаш тизимини ривожлантириш мақсадида ташриф буюрди.

Ташриф давомида вилоят делегацияси томонидан 22 та умумий ўрта таълим муассасида сурхондарёлик ва қорақолпоғистонлик ўқувчи ёшлар ўртасида “Беш ташаббус – беш имкон” шиори остида тадбирлар, спорт мусобақалари ва кўрик танловлар ташкил этилди. Ғолиб бўлган ўқувчи ёшларга ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари, хусусан, минг дона китоб, 50 та компьютер жамланмаси ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун мактаб формалари топширилди. 2022 йилнинг 7-8 май кунлари Бойсун туманида бўлиб ўтган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалига Тахиатош тумани фаоллари таклиф этилди. Ушбу фестивалга 100 нафардан ортиқ қорақалпоғистонлик фаоллар ҳамда маданият ходимлари юқори савияда бўлиб ўтган фестивални томоша қилди.

–Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан боболаримиз юрти Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан кўрсатилаётган беминнат ёрдамдан туманимиз аҳолиси  мамнун, –дейди “Нуроний” жамғармаси кенгаши аъзоси, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Жолдасбой Нуриллаев. – Вилоятнинг тажрибали мутахассислари пахтачилик, чорвачилик ва бошқа соҳаларда илғор тажрибалари билан ўртоқлашмоқда. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Найманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудуддаги “Нуронийлар чойхонаси” фойдаланишга топширилиши кекса авлод вакиллари учун ҳақиқий туҳфа бўлди.

Сурхондарё вилояти тажрибаси асосида “Остона килем” масъулияти чекланган жамиятитомонидан кооперация асосида гиламчиликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш лойиҳаси ишга туширилиб, 50 та янги иш ўрни яратилди. Мазкур лойиҳани кенгайтириш ишлари давом этирилмоқда.

Юқорида қайд этилган тадбирлар билан биргаликда туманнинг ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан туманида 150 ўринли боғча қуриш режалаштирилган бўлиб, лойиҳага Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2022 йил 26 апрелдаги қарори билан ер майдони ажратилди. Ҳозирда вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” Инжинеринг компанияси томонидан объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тахиатош туманида 50 та ихчам иссиқхона қуриб берилди, 50 та хонадонга тикув машинаси ҳамда 20 та хонадонга 500 тадан жўжа очиш қувватига эга бўлган инкубатор етказиб берилди. Шу билан биргаликда Тахиатош тумани аҳолисининг асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини  сақлаш мақсадида 67 тонна картошка, 68 тонна пиёз, 32 тонна сабзи, 8 тонна мевалар, 60 тонна полиз маҳсулотлари, 4 тонна дуккакли маҳсулотлар ҳамда 133 тонна гўшт, ун, ёғ ҳамда шакар етказиб берилди.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш  мақсадида 2021 йилда 7,2 километр ариқни тозалаш ишлари бажарилган бўлса, 2022 йилнинг январь-июнь ойлари давомида 5 километр ирригация тармоқларини тозалаш ишлари олиб борилди.  Бугунги кунда 3 дона техника жалб этилган ҳолда амалий ишлар давом эттирилмоқда. Туманнинг ер майдонларида шўрланишнинг олдини олиш мақсадида 22 километр мелиоратив тармоқни тозалаш ва реконструкция қилиш учун вилоят ҳокимининг 2022 йил 16 июндаги фармойиши билан 400 миллион сўм маблағ ажратилиб, бугунги кунга қадар 1,3 километрга тенг мелиоратив тармоқ тозаланиб, реконструкция қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Шу билан биргаликда вилоят ҳокимлиги томонидан Тахиатош тумани қишлоқ хўжалиги бўлими биноси тўлиқ таъмирлаб берилди.

–Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган ҳоким ёрдамчилари фаолиятини такомиллаштиришда сурхондарёликлар бизга яқиндан ёрдам бермоқда,–дейди “Халқлар дўстлиги” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Султанбек Жолдасбаев.–Ёшларимиз томонидан кутубхона барпо этишга амалий ёрдам сўралди. Ушбу мурожаат ижобий ҳал этилиб, Термиз шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ҳомийлик асосида кутубхона қуриб берилиб, 1000 дона китоб жамланмаси ҳамда 4 дона компьютер жамланмаси билан тўлдирилди. Буннинг учун ёшларимиз номидан минатдорлик билдирамиз.

Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зулхумор Хидирова бошчилигида масъуллар Тахиатош туманининг “Обод макон” ва “Дўстлик” маҳаллаларида жойлашган мономарказлар фаолияти билан танишишди. Мазкур марказларда “Аёллар дафтари” платформасига киритилган хотин-қизларни касб ҳунарга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар кўздан кечирилди ва тикув машиналари ҳамда дастгоҳлар топширилди. Туманда ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш бўйича Сурхондарё тажрибасини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, делегация аъзолари 4-сонли умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган музейдан ўрин олган қорақолпоқ маданияти, миллий қадриятлари ва тарихини ўзида мужассам этган экспонатлар билан ҳам танишди. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда ҳам сурхондарёлик мутахассислар билан яхши ҳамкорлик йўлга қўйилган. Туманга тащриф буюрган 15 нафар юқори малакали шифокор иштирокида туман аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Тахиатош тумани ҳокимлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Беш муҳим ташаббус доирасида турли тадбирлар ўтказилди. Жумладан Тахиатош тумани ҳамда Сурхандарё вилояти ҳокимлари кубоги учун мини футбол, теннис ва шахмат бўйича мусобақалар ўтказилиб, ғолиблар пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Ангор тумани ҳокимлиги томонидан “Жайҳун” маҳалла фуқаролар йиғинида 260 миллион сўмлик ҳомийлик маблағи ҳисобидан 12 кишига мўлжалланган электрон ахборот кутубхона, 6 ўринли тикувчилик цехи биноси ҳамда ушбу объектларни ўқув китоблар, компьютерлар, асбоб-ускуналар ҳамда мебеллар билан жиҳозлаш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 65 миллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Денов тумани ҳокимлиги томонидан “Кенегес” овул фуқаролар йиғинида ободонлаштириш мақсадида 800 туп манзарали кўчат экилган бўлса, овулдаги эски болалар боғчаси биносини таъмирлаш бўйича лойиҳа ишлари амалга оширилмоқда.

Жарқўрғон тумани ҳокимлиги томонидан “Ойдин йўл” маҳалла фуқаролар йиғини ёшларига 100 дона китоб, 5 та компьютер ҳамда эҳтиёжманд оилаларнинг 30 нафар  фарзандлари учун мактаб формалари топширилди. Бундан ташқари, бандлигини таъминлаш мақсадида 10 нафар ёшга 5 та пайвандлаш аппарати ва 5 та тикув машиналари етказиб берилган бўлса, 5 та ихчам иссиқхона қуриш ҳамда 20 та хонадонга 500 тадан жўжа очиш қувватига эга бўлган инкубатор етказиб бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Музрабод тумани ҳокимлиги томонидан “Найманкўл” овул фуқаролар йиғини хизмат биносининг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида
5 та компютер жамланмаси, “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида овул фуқаролар йиғини  биноси қошида 1 та хона ажратилиб, 5 та тикув машинаси етказиб берилди. “Найманкўл” овулида 12 миллион сўм ҳомийлик маблағ ҳисобига йўлакчалар қурилиб, бинонинг ички томони таъмирлаб берилди.  Шунингдек, овул фуқаролар йиғинидаги сув бориши оғир бўлган 150 та хонадоннинг сув таъминотини яхшилаш мақсадида 500 метр куб сиғимли насос станцияси қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

– Олтинсой тумани ҳокимлиги томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида ёрдам берилмоқда, – дейди “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жанабай Аметов. – Жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида 5 та инкубатор, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга 5 та сартарошлик асбоб-ускунаси, 2 та электр пайвандлаш ускунаси, 1 та қурилиш материалларини қирқиш ускунаси, 2 та пластик қувурларни пайвандлаш ускунаси тақдим этилди.  Шунингдек, ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида “Тахиатош Воркшоп” ишлаб чиқариш корхонасининг бўш турган биносида тикувчилик корхонаси ташкил этилиб, аёллар бандлиги таъминланди. Бундан ташқари “Нурбиби Жаннат” масъулияти чекланган жамияти  ер майдонида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун мўлжалланган бозорча ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

ҚумқўрғонТермиз, Узун, Шеробод, Шўрчи туманлари ҳамда Термиз шаҳар ҳокимликлари томонидан “Обод макон”, “Нурли келажак” “Тахиатош” “Халқлар дўстлиги”  “Қушчилик” “Сарайкўл” “Марказий” маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида  замонавий тикув машиналари, аҳолининг қўшимча даромадларини ошириш мақсадида  компьютер жамланмаси, микротўлқинли печ, инкубаторлар,  пайвандлаш ускуналари олиб берилди. Аҳоли мурожаатлари асосида кутубхона,  ҳаммом, болалар майдончаларини қуриш, кўп қаватли уйларнинг олдига ёритиш чироғи ўрнатиш, бетон йўлаклар барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Жорий йилда вилоят ҳокимлиги, “Граф Алмаз” ҳамда  “Surhon Boychechaklari” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан Давлат хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим ташкилотини қуриш, “Сурхон Тахиатош мебел” масъулияти чекланган жамияти томонидан мебел маҳсулотлари ишлаб чикариш, “Тахиатош Термиз Бизнес” масъулияти чекланган жамияти томонидан Транспорт логистика хизмати, “Лола камалаги” масъулияти чекланган жамияти томонидан музлатгичли омборхона қуриш,  “Ўтан Полвон” хусусий корхонаси томонидан Тиббий диагностика маркази, “Сантехгазмонтаж” хусусий корхонаси томонидан Оҳак ишлаб чиқариш, “Саодатбону Азиза” масъулияти чекланган жамияти томонидан Лак бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш, “City Termiz Group” масъулияти чекланган жамияти томонидан Дон маҳсулотларини қайта ишлаш, ун ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш, “Тахиатош Денов чорваси” масъулияти чекланган жамияти томонидан йирик ва майда шохли чорвачилик комплексини ва жунни қайта ишлашни ташкил этиш, “North Industry Materials” масъулияти чекланган жамияти томонидан омухта ем ишлаб чиқаришни ташкил этиш, “Термиз тезкор курилиш” ИТКТ томонидан 10 турдаги курилиш материали ишлаб чикаришни ташкил этиш ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Яқинда туманга вилоятдан 7 вагон қурилиш материали олиб келинди. Ушбу қурилиш материаллари ижтимоий объектлар қурилишига,  кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларнинг уйларини тамирлашга йўналтирилмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

 Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА