Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида хорижий давлатларнинг етакчи техника университетлари билан биргаликда 2022 йилда Самарқанд технология университетини ташкил этиш белгиланган эди.

Шу асосида ўтган йил янги авлод муҳандис-технологларини тарбиялаш мақсадида Самарқанд халқаро технология университети фаолияти йўлга қўйилди.

– Университетни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистонни жаҳон иқтисодиётига муваффақиятли интеграция қилиш учун ўзида илғор муҳандислик билимлари мавжуд бўлган, ижодий фикрлаш қобилятига эга, инновацион технологияларни яратиш ва жорий этиш кўникмаларини эгаллаган юқори малакали янги мутахассислар тайёрлашдан иборат, – дейди Самарқанд халқаро технология университети ректори Юсуф Абдуллаев. – Ушбу мураккаб вазифани бажариш учун асосий шарт – бу янги техник таълим, хорижий стандартлар асосида муҳандис кадрларни тайёрлашнинг амалдаги тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ўзгартиришдир. Шундан келиб чиқиб, биз дунёдаги энг нуфузли техника олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйдик ва уларнинг педагогик тажрибаси асосида тайёрланган ўқув режалари, таълим дастурлари ва методикаларни университетимиз таълим жараёнига татбиқ этяпмиз. Шунингдек, АҚШ, Англия, Польша, Италия, Канада, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Жанубий Африкадаги етакчи таълим ва илмий-техника марказларининг тажрибали профессор-ўқитувчилари ва мутахассисларини ишга таклиф қилганмиз. Университет таълим жараёнида сифат олий ўринда туради ва бунинг учун ўқув режа ва дастурларининг қарийиб 99 фоизи жаҳон стандартлари асосида хорижий техника университетлари билан ҳамкорликда яратилган, дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади.

2022 йилнинг сентябрь ойидан университет таркибида Ғарб ҳамда Шарқ тилларини ўргатишга ихтисослашган тиллар маркази, абитуриентлар учун тайёрлов мактаби, информатика ва робототехника соҳалари, сунъий интеллект ва маълумотлар соҳаси бўйича мутахассислар тайёрловчи ахборот технологиялари маркази ҳамда бош ғояси етакчилик, тадбиркорлик, инновацияга йўналтирилган Самарқанд-Калифорния маркази фаолият бошлади.

Бу марказларга хориждан таклиф этилган профессор-ўқитувчилар раҳбарлик қилмоқда. Университет таркибида ўзбек тили, адабиёти ва маданиятини, урф-одатларини тарғиб этиш, ўзбек тилидаги матнларни бемалол тушуниш кўникмасини шакллантириш, хорижликларга ўзбек тили маданиятини ўргатиш учун ўзбек тили ва маданияти маркази ташкил этилди. Ушбу марказда уч кредитли модул асосида талабаларга бир йил давомида таълим берилади. Университет раҳбариятининг 2022 йил октябрь ойидаги Жанубий Кореяга қисқа муддатли ташрифи давомида Ханкук хорижий тиллар университети ва Ипак йўли университетлар тармоғи раҳбарлари билан музокаралар ўтказилиб, ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди. Унга кўра, университет қошида “яшил” технологиялар, саноат дизайни, рақамли иқтисодиёт ҳамда корейс тили бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида Корея технология ва маданият коллежи очилди. Хитой энергетика компаниялари ва Хитой электр энергияси лойиҳалаш институти, шунингдек шу соҳа бўйича Хитойнинг бошқа етакчи университетлари ҳамкорлигида жорий йилда университетда энергетика муҳандислиги факультети ташкил этилади. Яқинда университетнинг тадбиркорлик ва менежмент, ахборот технологиялари таълим йўналишларида баҳорги семестр учун талабалар қабули муваффақиятли амалга оширилди. Кириш имтиҳонларини шаффоф ва адолатли ташкил этиш орқали талабанинг қобилияти, билим даражасини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Талабаликка талабгорлар мактаб ўқув дастури асосида математика ва инглиз тили фанларидан ёзма ва оғзаки имтиҳон топширди. Имтиҳонлар хорижлик профессор-ўқитувчилар тайёрлаган дастурларга мослаштирилиб, улар томонидан олинди ва абитуриентлар ичидан энг муносиб 35 нафари танланди.

Саноат энергетика гуруҳи (СЭГ), Enter Engeneering, ERRIEL гуруҳи, ушбу таълим маскани муассислари ҳисобланади. Қувонарлиси, университет ҳомийлар кенгаши раиси, “Eriell Group” бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда кириш имтиҳонларида энг юқори натижага эришган Хуршид Собиров ва ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган Ҳилола Эргашева ҳамда тадбиркорлик ва менежмент йўналишида биринчи ўринни эгаллаб ўқишга қабул қилинган, отасиз вояга етган Сардор Пўлатовларга компания томонидан грант ажратди.

– Жомбой туманида туғилганман, ёшлигимда бобом ва бувимнинг қарамоғида отасиз вояга етдим. Афсуски, яқинда турмуш ўртоғим ҳам оламдан ўтди ва энди қизимни ўзим тарбиялашга мажбурман, – дейди Ҳилола Эргашева. – Фаррош бўлиб ишлаяпман. Лекин олий маълумот олиш ниятида Самарқанд халқаро технология университети тайёрлов мактабида тўрт ой мобайнида математика ва инглиз тилидан билимларимни ошириб, ушбу олий ўқув юртига ўқишга қабул қилиндим. Университет ҳомийлар кенгаши раиси томонидан менга ажратилган грант ҳаёт қийинчиликларига дуч келган ўзим ва айниқса норасида қизим учун Яратгандан инъом этилган катта туҳфа бўлди десам, муболаға бўлмайди. Бунинг учун миннатдорлигимни билдириш баробарида келажакда эгаллаган билим ва тажрибаларим асосида юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишга ваъда бераман.


Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА