Жорий йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказиладиган ёзги Осиё ўйинлари келгуси йил “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг энг юқори нуқтаси ҳисобланади.
Хўш, Олимпиада йўлидаги қитъа ўйинларига мамлакатимиз спорт жамоалари қай тарзда тайёргарлик кўрмоқда? Ўтаётган йилда ушбу комплекс ўйинларга ҳозирлик кўришда спорт турлари бўйича белгиланган режалар бажариляптими?
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан мазкур нуфузли комплекс ўйинларга ҳозирлик кўриш борасида олимпия спорт турлари бўйича спорт федерациялари олдига тайёргарлик стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.
Шу мақсадда жорий йил январь ойидан спорт федерацияларининг “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинларига тайёргарлик стратегияси тақдимотлари ўтказилиши йўлга қўйилди. Шунга кўра, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ва Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси мураббий ва мутахассислари ўз тақдимотларини ўтказди.
Тақдимот жараёнида қитъа ўйинларида қатнашишга жалб қилинаётган спортчилар, мураббий ва мутахассислар таркиби, тайёргарлик дастури, ўқув-машғулотлар тизими, спортчиларнинг руҳий ва жисмоний ҳолати, машғулот ҳамда мусобақаларда қатнашиш мундарижаси, ажратилаётган маблағларни мақсадли сарфлаш, жиҳозлар ва улардан фойдаланиш тартиби, хорижий жамоалар билан ҳамкорлик каби масалалар махсус дастурлар асосида таништирилди.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, спорт мактабларининг раҳбарлари, жисмоний тарбия ва спорт таълими мутахассислари қатнашган тақдимотда ҳар икки спорт турининг “Ханчжоу-2022” билан боғлиқ барча масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Терма жамоаларнинг, спортчиларнинг янада юқори натижа кўрсатиши, ишлаб чиқилган прогнозлар, ўтган 2022 йилдаги натижалар, ҳудудлар кесимида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.
Мутасадди ва мутахассислар тақдимотда ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, оғир атлетика ва таэквондо бўйича ишлаб чиқилган тайёргарлик стратегияси бошқа спорт турларига андоза эканлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинлари жорий йилнинг 23 сентябрь — 8 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА