Кеча, якшанба куни Истанбул аэропортига борадиган янги метро линияси ишга туширилди. Бу Европадаги энг тезюрар метро, деб топилиб, поездлар соатига 90-120 километр соат тезликда ҳаракатланади. Бу ҳақда “Анадолу” агентлигига интервью берган Туркия Транспорт вазири Одил Караисмоилўғли маълум қилди.

Янги метро линияси 34 километр бўлиб, Кайитхона бекатидан йўлга чиққан поезд 24 дақиқада аэропортга етиб келади.

Янги линия очилиши маросимида қатнашган мамлакат Президенти Режеп Таййип Эрдоған “мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши Туркиянинг бутун дунёга метро қурилиши ишида қудрати ва имкониятини кўрсатди”, деб баёнот берди.

Келажакда мазкур метро линияси Истанбулнинг Осиё қисми билан ҳам боғлаш режаси борлиги маълум қилинди. Ўшанда мазкур метро линияси узунлиги 69 километрга етиб, кунига 800 минг йўловчига хизмат кўрсатиши режалаштирилган.

Янги Истанбул аэропорти 2019 йилда ишга туширилган. Аэропорт қурилиши 2025 йилда тўла битирилиши мўлжалланган бўлиб, йилига 150 миллион йўловчига хизмат кўрсатиши кутилмоқда.

 

ЎзА