Лондоннинг ICE биржаси тарқатган маълумотда келтирилишича, Европада газнинг биржа нархи 2021 йил 6 сентябрдан буён илк бор 10 фоизга арзонлашди ва минг кубметр газ нархи 650 доллардан ҳам пастга тушган.

Нидерландиядаги йирик TTF газ маркази индекси бўйича февраль ойи учун фючерс нархлар 728,6 доллар қилиб белгиланганди (+0,2 фоиз). Кейинчалик нарх 652,5 долларга (-10,3 фоиз) тушди. Бундай ҳолат 16 ойдан буён илк бор кузатилмоқда. Бундан аввалги биржа савдосида (ўтган жума куни) минг кубметр газ 727,1 долларга сотилган эди. Шунга қарамай, ушбу тушган нарх ҳам ўртача кўрсаткичлардан икки баробарга қиммат бўлмоқда. Бунчалик барқарор юқори нарх Европа газ марказларида 1996 йилдан буён кузатилмаганди, дейилади хабарда.

Ўтган йили Европада газ нархи сезиларли равишда кўтарилди. 2021 йил баҳорда TTF котировкаси бўйича газнинг минг кубаси учун 250-300 доллар берилганди, ёзга келиб нархлар 600, кузга келиб 1000 долларга чиқиб кетди.