Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон мулоқоти ўтказди. Суҳбат чоғида мамлакати Украина инқирозини ҳал қилишда воситачи бўлишга тайёр эканини тасдиқлади. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги Туркия раҳбари матбуот хизматига таяниб хабар берди.
“Телефон мулоқотида Эрдоған Туркия Россия ва Украина ўртасидаги барқарор тинчликни таъминлаш учун воситачилик қилишга тайёр эканини яна бир бор очиқлади”, дейилади хабарда.
Икки давлат раҳбарлари, таъкидланганидек, Украина атрофидаги воқеаларни ҳам муҳокама қилишган.
Бундан ташқари, етакчилар дон шартномасининг бажарилиши, Россия донини Туркияда қайта ишлаб, уни ун ҳолида Африкадаги муҳтож давлатларга жўнатиш масаласида ҳам фикр алмашишган.
ЎзА