Бугун – 7 январь куни Тожикистон ва Қозоғистон Республикалари ўртасидаги дипломатик муносабат ўрнатилганига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаевга табрик йўллади, деб хабар берди Ақорда матбуот хизмати.

“Казинформ” халқаро ахборот агентлиги маълум қилишича, икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Қозиғистон раҳбари номига Тожикистон етакчисининг табрик телеграммаси келиб тушган.

– Тожикистон томони ушбу давр мобайнида икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш борасида эришилган натижаларни юқори баҳолайди, – дейилади табрик матнида. – Шу билан бирга, давлатлараро муносабатларни тартибга солишнинг ишончли шартнома-ҳуқуқий базаси ва аниқ механизмлари шакллантирилди. Ана шу мустаҳкам пойдевор, ўзаро ишонч ва ҳурмат, стратегик шериклик каби мустаҳкам тамойилларга асосланган ҳамкорлигимиз бугунги кунда барча йўналишларда жадал ривожланаётгани қувонарлидир.

Телеграммада, шунингдек, икки халқ манфаатларига жавоб берадиган ўзаро ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришга ишонч билдирилган.

Эмомали Раҳмон Қасим-Жомарт Тоқаевга юксак масъулиятли давлат хизматида улкан муваффақият, дўст Қозоғистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилаган.

ЎзА