Давлатимиз раҳбари Халқаро конгресс марказида таълим сифатини ошириш ва янги авлод дарсликларини жорий этишга бағишланган кўргазма-тақдимот билан танишди.

Тадбирда дарсликларни ишлаб чиққан мутахассислар, ўқитувчилар, методистлар, мактаб психологлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Президенти сифатли таълим масаласини бир неча бор кўтарган,  ўқув  жараёнига  илғор технологияларни  жорий қилиш, таълим ислоҳотини янги турдаги мактаб битирувчисини шакллантиришга мос келадиган дарсликларни яратиш ва жорий этишдан бошлаш кераклигини таъкидлаган эди.

Тақдимотда таништирилган ўқув-методик комплекслар (УМК)  асосини   танқидий фикрлаш, жамоавий ишлаш,  ижодкорлик (креативлик) ва мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантириш (4К) тамойили ташкил этди. Уларни ишлаб чиқишда халқаро дастурлар томонидан ўқувчиларнинг муваффақиятларини баҳолашда   қўлланиладиган  намунавий  топшириқлар ўрганиб чиқилди ва асос қилиб олинди (PISA, PIRLS, TIMSS, EGMA, EGRA).

УМК  фаол ўқув жараёни учун тўлиқ материаллар тўплами: дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчилар учун услубий қўлланмалардан иборат. Шунингдек, Estudy электрон таълим платформаси ҳам  ушбу тизимга уйғун тарзда қиритилган. У математика, табиатшунослик, информатика каби фанлар бўйича ўқув курсларни ҳамда эгалланган билимларни  мустаҳкамлаш учун  300 дан зиёд  онгни оширадиган ўйинли вазифаларни ўз ичига олади.

Платформадан дарс давомида ҳам, бўш вақтда ҳам фойдаланиш мумкин. Ўқувчилар унинг ёрдамида ўзлаштирган материални мустаҳкамлаш билан бирга, мустақил равишда дастурдан илгарилаб кетишлари ҳам мумкин. Платформа TAS-IX тармоғида жойлаштирилган, бу эса ундан бепул фойдаланиш имконини беради.

Бундан ташқари, ўқув-методик комплекслар Android, IOS платформалари ва «Математика» ва  «Букварь» мобиль иловалари учун ўзбек ва рус тилларида онгни ўстирадиган ўйинлар тўпламига эга интерфаол  ўқув дастурини  ҳам ўз ичига олади.

Эътиборлиси, 1-4 синфлар учун тақдим этилган дарсликларнинг бир қисми, хусусан, тасвирий санъат, ўзбек тили ва мусиқий саводхонлик бўйича китоблар кенгайтирилган реаллик технологияларидан  фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқилган. Бу ўқувчиларни  фанга янада кўпроқ қизиқтириш ҳамда бугунги ўсмирлар ҳаётида муҳим бўлган гаджетларни  фойдали воситага айлантириш мақсадида ишлаб чиқилган. Кенгайтирилган реаллик иловаси  1 марта юклаб олинади ва офлайн режимида ишлайди.

Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки,  ушбу дасрликларда  нафақат  фанлар, балки 21 асрда зарур бўлган  ҳаётий кўникмалар ҳам ўргатилади. Айни дамда китоблар ёш психологиясини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Масалан, биринчи синфда таълим жараёнига кўпроқ ўйин орқали ёндашилади, маълумотлар  асосан кўрсатиш-визуал тарзда етказилади.

Ўқув-методик комплексларга қўшимча равишда тарбия, жисмоий тарбия, технология,  ва тасвирий санъат бўйича  200 дан ортиқ  мультимедиа материаллари ҳам ишлаб чиқилган. Ушбу ўқув видеороликлари ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини шакллантириш ва  оширишга  қаратилган. Энг муҳими. барча дастурлар  миллий мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган.

 

ЎзА