Қорақалпоғистон Республикаси педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида жорий ўқув йилида амалга оширилган ишлар ва янги ўқув йилидаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидлаганидек, ўтган ўқув йилида мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг раҳбар, мутахассис ва педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, узлуксиз касбий таълимни ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Мақсад, ўқув-тарбия жараёнини давлат таълим талабларига мувофиқ юқори илмий-методик даражада таъминлаш, илғор педагогик ва ахборот технологиялари, шунингдек, ўқитишнинг интерактив усуллари бўйича касбий ва педагогик маҳоратни доимий равишда ривожлантиришга кўмаклашиш учун зарур бўлган касбий билим ва кўникмаларни мунтазам равишда янгилаб боришдан иборат. Шунингдек, ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишнинг янги тамойиллари ва замонавий усулларини жорий этиш, педагогларни янги методикаларга ўргатиш, уларда зарур кўникмаларни шакллантириш, малака талаблари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таништириб бориш ҳисобланади.
Педагогик марказда тилларни ўқитиш, ижтимоий-иқтисодий фанлар, аниқ ва табиий фанлар, мактабгача, бошланғич ва махсус таълим методикалари, педагогика, психология ва таълим технологиялари, амалий фанлар ва мактабдан ташқари таълим методикаси кафедралари фаолият олиб бормоқда.
“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, марказнинг “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Профессор-ўқитувчилар Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда ташкил этилаётган халқаро ва республика миқёсидаги илмий-амалий конференцияларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2022 йил 18 январдаги буйруғи билан тасдиқланган таянч ўқув режаси, ўқув дастурларига асосланиб, ишчи ўқув-режа, ишчи ўқув дастурлари ва ўқув-тематик режалар тайёрланди ва Илмий-методик кенгаш томонидан тасдиқланди. Профессор-ўқитувчилар БМТнинг ЮНИСЕФ, ЮНФПА каби ташкилотларнинг халқаро лойиҳаларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 январдаги “Xaлқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда ўқувчиларни PISA, PIRLS, TIMSS халқаро тадқиқотларга тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, узлуксиз касбий ривожлантириш электрон таълим платформаси ва унинг афзалликлари тўғрисида маълумотлар берилди ва муҳокама қилинди.
Ҳудудий марказнинг 2022 йил биринчи ярим йили учун малака ошириш курслар режаси 30 та йўналиш бўйича 16800 нафар тингловчи қилиб белгиланган эди. Лекин айрим байрам кунлари ходимларнинг дам олиш кунларини ихчамлаштириш мақсадида қўшимча дам олиш кунларининг берилиши ҳисобидан ташкил этилмай қолган узлуксиз касбий ривожлантириш курсларининг бошқа вақтга кўчирилиши сабабли 6 ойлик режа 16005 тингловчига тенг бўлди. Бундан ташқари, жами 166 тингловчи қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА