Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган мажлисида «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг мақсади – кўчалар, шоҳкўчалар, маҳаллалар, майдонлар, боғларга ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига айрим одамлар, жамоат арбоблари, сиёсий арбоблар исми-шарифини беришни тартибга солишдан иборат.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонунида географик объектларга ном беришда маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш белгиланган. Аммо амалдаги қонунчиликда аҳолининг фикрини ҳисобга олиш, шу жумладан, фуқаролар томонидан географик объектларга ном бериш ташаббусларини илгари суриш тартиби назарда тутилмаган.
Шунингдек, таркибида туманлар мавжуд бўлган шаҳарларда (Тошкент, Наманган ва Андижон) географик объектларга ном бериш ваколати туман Кенгашларига берилгани ушбу йўналишдаги фаолиятни самарали мувофиқлаштириш ҳамда қонунчилик ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда қўлланилишини таъминлашга тўсқинлик қилмоқда.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисидаги таклифларни тайёрлаш жараёнида мазкур географик объект жойлашган ҳудудда яшовчи маҳаллий аҳолининг фикри ҳисобга олинади.
Шунингдек, «Тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими ҳамда шартномавий муносабатларнинг такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА