Ўтган ҳафта давомида АҚШ, Россия ва Тайванда теннис бўйича эркаклар ҳамда хотин-қизлар ўртасида бир қатор нуфузли мусобақалар ўтказилди.
Дастлаб, АҚШда “Челленжер” туркумига кирувчи халқаро турнирда япониялик Кэй Нишикори бош совринни қўлга киритди.
У мазкур мусобақанинг финал учрашувида америкалик Маккензи Макдональдга қарши кортга чиқди ва 6:1, 6:4 ҳисобида зафар қучиб, бош соврин билан бир қаторда 100 рейтинг очкосига эга бўлди.
Венгриялик Тимеа Бабош эса Тайванда ўтказилган “Taiwan Open – 2018” турнирининг финалида украиналик Катерина Козловани 7:5, 6:1 ҳисобида енгиб, мусобақа ғолибига айланди. Шунингдек, у 280 рейтинг очкосини ҳам қўлга киритди.
Россияда хотин-қизлар ўртасида ўтказилган “St.Petersburg Ladies Trophy – 2018” турнирининг финалида чехиялик Петра Квитова ҳамда франциялик Кристина Младенович ўзаро рақобатлашди.
Икки сет давом этган ўйинда Петра 6:1, 6:2 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақа бош совринини қўлга киритди. Шу тариқа у Хотин-қизлар теннис уюшмаси – WTA рейтингининг 470 очкосига сазовор бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА