Аҳоли бандлигини таъминлаш энг долзарб масалалардан биридир. Бу борада юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам айнан шу масалаларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

— Ушбу қонун лойиҳаси билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга бир қатор ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда, — деди депутат Олтиной Мамирова. — Хусусан, иш қидираётган шахсларнинг меҳнат органларига ортиқча ҳужжатларни тақдим этишининг олдини олиш, иш берувчининг бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда юбориш шартлари белгиланмоқда. Бундан ташқари, меҳнат органлари томонидан бўш иш ўринларига йўлланмалар бериш тартибини такомиллаштириш, бандликни рағбатлантирувчи субсидиялар ва ссуда ажратиш механизмларини тартибга солиш ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар номларини аниқлаштириш назарда тутилмоқда.

Қўмита йиғилишларида қонун лойиҳасини маромига етказиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилган. Лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятидан келиб чиқиб, унинг муқаддима қисмига ва бир қатор моддаларига таҳририй тузатишлар киритилди.

Муҳокамалар давомида депутат Зафар Худойбердиев лойиҳанинг муҳимлигини эътироф этиб, пухта-пишиқ ҳолга келтириш лозимлигини таъкидлади. Амалдаги қонуннинг 19-моддасида белгиланган субсидияларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги норма қонундан чиқариб юборилиб, ҳаволаки норма сифатида киритилаётгани нотўғри бўлишини қайд этди, уни тўлдириш ва бойитиш лозимлигини билдирди.

Маърузачи депутат амалдаги қонунда фақатгина Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан ажратиладиган субсидияни тақдим этиш тартиби очиб берилгани, сўнгги йилларда бандликка кўмаклашиш мақсадида тақдим этилаётган субсидиялар турлари сони анча кўпайгани ва уларни тақдим этиш тартиби турлича эканидан келиб чиқиб, мазкур норма қонундан чиқарилаётганини маълум қилди.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА