Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳаси доирасида биохилма-хилликни кўпайтириш, глобал атроф-муҳит учун ишлаб чиқариш ландшафтларида экотизимни сақлаш ва тиклаш мақсадида қиймати 1,1 миллион долларга тенг келишув имзоланди.

Мазкур ҳужжат орқали республика бўйича танлаб олинган ҳудудларда суғориладиган ва лалмикор ер майдони ландшафтида барқарор озиқ-овқат ишлаб чиқариш учун илғор ва барқарор технологияларни жорий этиш кўзда тутилган.

Маросимда ишлаб чиқариш ландшафтларида экотизимни сақлаш ва тиклаш ҳамда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш орқали глобал атроф-муҳит яхшиланиши кутилаётгани қайд этилган. Қолаверса, соҳада эришилган энг яхши амалиёт ҳамда яратилган инновациялар кенг тарғиб қилинади.

Ҳукумат томонидан вужудга келган эхтиёжни қондириш мақсадида яроқлилик таҳлили ёндашуви ҳамда мезонлари асосида ердан фойдаланиш бўйича эксклюзив, гендерга боғлиқ тавсиялар ҳам берилади. Пировард натижада қишлоқ хўжалик экинларидан ва ердан фойдаланишни диверцификация қилишда барқарор экотизим учун асос яратилади.

 

Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА