Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис аввалида Спикер ўринбосари, ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов 2-3 май кунлари бўлиб ўтган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида тўхталди:

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган мазкур анъанавий тадбир ўтган қисқа даврда икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли шериклар билан янги келишувларга эришишда самарали мулоқот майдонига айланди. Жумладан, 2022 йил илк форумга 56 давлатдан бир ярим мингга яқин инвестор келган бўлса, бу йил 93 та давлатдан икки ярим мингдан ортиқ жаҳоннинг энг илғор инвесторлари иштирок этди.

Хорижлик экспертлар фикрича, айниқса, халқаро майдонда кузатилаётган инқироз даврида Тошкент халқаро инвестиция форумининг аҳамияти янада яққол кўзга ташланмоқда. Форумнинг ялпи мажлисида мамлакатимиз Президенти иштирок этиб, ўз нутқида форум мамлакатимизда ортга қайтмас тус олган ислоҳотларга, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга бўлган улкан қизиқишдан далолат беришини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича қатор аниқ таклифларни билдирди. Жумладан, янги таҳрирдаги «Инвестициялар тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши, Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди иш бошлаши ҳамда саноат зоналари тизимида инвесторларга янада қулай шарт-шароитлар яратилиши маълум қилинди.

Шунингдек, Президентимиз хорижий инвесторлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 5 та устувор йўналишга алоҳида тўхталди. Жумладан, «яшил» энергетика, банк-молия соҳаси, фойдали қазилмаларни чуқур қайта ишлаш, IT трансформацияси, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича имкониятларни кўрсатиб ўтди.

Албатта, мамлакатимиз раҳбарининг ғоялари, ташаббуслари ва таклифлари мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, нафақат мамлакатимиз, балки минтақамизда иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз, — деди У.Иноятов.

Муҳтарама Комилова, ЎзА