Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида фитосанитария талаблари енгиллаштирилишига қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.

— Мазкур қонун лойиҳаси билан “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунга фитосанитария маҳсулотларини импорт қилувчиларга енгиллик берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда, — деди депутат Бегали Қодиров. — Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотларни олиб киришга Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан берилган карантин рухсатномаси ҳамда экспорт қилувчи мамлакатнинг ваколатли давлат органлари томонидан бериладиган фитосанитар сертификати ёки гувоҳномаси бўлган тақдирдагина рухсат берилади.

Ушбу ҳужжат тақдим этилмаган тақдирда маҳсулотлар давлат чегарасида туриб қолиши, ортиқча харажатларнинг кўпайиши импортёр-тадбиркорларимизга қийинчилик туғдирмоқда. Бу каби ҳолатлар фитосанитария маҳсулотларини олиб кириш талабларини янада соддалаштириш ҳамда миллий қонунчиликни халқаро амалиётга мувофиқлаштиришни тақозо этмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур қонуннинг 29-моддасига тегишли ўзгартириш киритилмоқда. Яъни, ўсимликлар карантини ва уларни ҳимоя қилиш бўйича давлат органларига эга бўлмаган ёки хорижий мамлакатларда фитосанитария сертификати (гувоҳномаси) талаб этилмайдиган, шунингдек, хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига фитосанитар хавфи паст бўлган карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришга уларнинг ҳар бир туркумига алоҳида-алоҳида бериладиган карантин рухсатномаси мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, депутат қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қўмита томонидан дастлабки лойиҳадаги ўзаро қарама-қаршиликлар бартараф этилгани, таҳририй тузатишлар киритилганини қайд этди.

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар бир қатор аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташлади, таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА