Қозоғистон Украинадаги вазиятни дипломатик йўл билан ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшишга, икки мамлакат ўртасида воситачилик қилишга тайёр, дея маълум қилди республика ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко.
– Вазир Украинада юзага келаётган вазиятни БМТ низомига мувофиқ тинч йўл билан тартибга солиш зарурлиги, воситачилик хизмати орқали муаммони дипломатия ёрдамида бартараф этишга тайёрлиги бўйича ижобий позициясини билдирди”, – дейилади “Интерфакс” хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Шахрат Нуришев мамлакат Россия – Украина низосида ҳеч бир тарафнинг ёнини олмаётгани, вазиятни дипломатия йўли билан ҳал этилишига умид билдираётганини маълум қилганди.
Президент Қосим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон айни масалада зарур бўладиган ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёр эканини таъкидлаган.