Бугун, 9 март куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 220 га яқин номдаги 1500 дан ортиқ янги бадиий-адабий китоблар фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон халқ шоири, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбай Каримов, факультет деканлари ўринбосарлари, профессор-ўқитувчилар, ахборот-ресурс маркази ходимлари ҳамда талабалар иштирок этди.
Тадбирни институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Қ.Қодиров олиб борди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси доирасида халқимиз орасида китобхонлик маданиятини ошириш, ёшларни оммавий равишда китобхонликга жалб қилиш борасида давлат сиёсати даражасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Чунки, Президентимиз таъкидлаганидек, бугун китоб ўқиётган бола эртанги куни телевизор томоша қилаётган ўнта болани бошқаради.
Кечада Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси К.Каримов тадбирда иштирок этаётган Зульфия номидаги Давлат мукофотининг бу йилги совриндори бўлган институт талабаси Еркинай Оринбаева ҳамда унинг устози, доцент София Тажетдиновани табриклаб, байрам совғаларини топширди. Шунингдек, бугунги кунда Ёзувчилар уюшмаси томонидан ёзувчи, шоирларнинг китобларини нашрга тайёрлаш, чоп этишга ёрдам бериш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Янгидан фойдаланишга топширилаётган китоблар қаторига Ибройим Юсупов ҳамда Тўлепберген Қайипбергеновнинг, шу билан бирга, ёзувчининг ўз қаламига мансуб асарлари жамланган янги китоблар институтнинг ахборот-ресурс марказига совға қилинди.
Тадбирда фойдаланишга топширилаётган янги китоблар таништирилиб, уларнинг мазмуни ҳамда аҳамияти тўғрисида муҳокамалар бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, мазкур китоблар бугунги кун ёшлари томонидан мутолаа қилиниши зарур бўлган, машҳур инсонлар, мутахассислар томонидан тавсия қилинган энг яхши китоблардан иборат бўлиб, уларни харид қилиш учун институтнинг ўз маблағлари ҳисобидан 40 миллион сўмга яқин маблағ ажратилди.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
Муаллиф олган расмлар.