Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Марказий Осиё давлатларининг БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасидаги минтақавий ҳамкорлиги” мавзусидаги халқаро конференцияда кўплаб маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан муҳим фикрлар билдирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам тадбирнинг аҳамиятига муносиб, профессионал баҳо берди:

– Аввало, мазкур анжуман шу кунларда бутун дунё ҳамжамияти эътибори марказида турганини таъкидлаш жоиз.

Бундан 15 йил олдин БМТ даврнинг энг муҳим муаммоларидан бири – халқаро терроризмга қарши глобал стратегия ишлаб чиқди. Зеро, бу иллат ҳар бир миллат, халқ, минтақада барқарор ривожланишга, тинч аҳолига жиддий таҳдид сифатида қабул қилинади. Бу масалада барча мамлакатлар, халқаро тузилмалар, нодавлат ташкилотлар биргаликда ҳаракат қилиши лозим. Ҳеч бир давлат мустақил равишда бу муаммони ҳал эта олмайди.

Мазкур юқори даражадаги конференция айнан Ўзбекистонда ўтказилаётгани ҳам рамзий маънога эга. Нима учун? Биринчидан, давлатимиз раҳбари конференция иштирокчиларига мурожаатида ушбу глобал муаммони бартараф этишга қаратилган турли йўналишлар бўйича аниқ фикрлар билдирди. Демак, терроризмга қарши кураш мамлакатимиз етакчисининг доимий эътиборида.

Иккинчидан, вақт ўтган сари терроризмнинг хусусияти ўзгариб боряпти. Масалан, ҳозир кибертерроризм тушунчаси пайдо бўлган, крипто валюта билан боғлиқ вазиятни назорат қилиш анча қийин кечмоқда. Минтақамизда ҳам бу омиллар террорчилик фаолиятини молиялаштиришга хизмат қилиши ҳеч гап эмас.

Учинчидан, Президентимиз таклифига биноан, муаммонинг ечими биринчи навбатда ёшларни тўғри йўлга бошлаш, улар билан фаол ишлаш мақсадга мувофиқ. Биламиз, террорчи гуруҳлар, асосан, ҳаётий тажрибасиз ёки дунёқараши заиф ёшларни ўз сафига жалб қилишни кўзлайди.

Қолаверса, анжуманда қатнашган халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий экспертлар Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббус ва таклифларни фаол қўллаб-қувватладилар. Ялпи мажлис якунида Тошкент декларацияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон дипломатиясининг катта ютуғидир.

Беҳруз Худойбердиев,ЎзА