Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида собиқ «Мўйноқ балиқ консерва» комбинати ва илгари 5-қурилиш бошқармаси жойлашган ҳудудлардаги 20,5 гектар майдонда «Мўйноқ кичик саноат зонаси» барпо этилди. 2018-2021 йилларда Қўнғирот, Хўжайли, Тахиатош, Беруний, Амударё ва Чимбой туманларида ҳам кичик саноат зоналари ташкил этиш режалаштирилган. Албатта, бу каби саноат зоналарини кўплаб қуриш мумкин, лекин бундан қандай фойда кўзланган, деган савол пайдо бўлади.

Масалан, Президентимизнинг 2017 йил 3 майдаги «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ва «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони асосида «Нукус-фарм» эркин иқтисодий зонаси учун Нукус тумани ҳудудидан 50 гектар ер майдони ажратилди. 2017 йил 13 сентябрда «Нукус-фарм эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Асосан фармацевтикага ихтисослаштирилган саноат зонасида жами 48,9 миллион долларлик 8 лойиҳа амалга ошириладиган бўлди.

Кичик саноат зоналари ва эркин иқтисодий зоналардан ким, қандай фойда кўради? Қуйида мутахассисларнинг бу борадаги фикрлари билан танишишингиз мумкин.

Жаҳонгир Юнусов, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари:

– Бундай саноат зоналарида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қарор қилган тадбиркор ҳар томонлама ютади. Биринчидан, давлат мулкини 10 йиллик узоқ муддатли ижарага олиш (бошқа турдаги давлат объектини максимал ижарага бериш муддати 5 йил) ва минимал ставкалар бўйича ижара ҳақини тўлаш имкониятига эга бўлади. Тадбиркорлик субъектига шу вақт ичида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, керак бўлса, қурилиш, таъмирлаш ишларини олиб боришга имконият яратиб берилади, муҳандислик-коммуникация технологиялари билан таъминланади. Икки йилгача фойда, мол-мулк ва ягона солиқ тўловларидан озод этилади.

Айдос Қайипбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт вазири ўринбосари:

– Кичик саноат зоналари давлат қарамоғидаги қаровсиз ётган катта ҳудудни эгаллаб турган ишлаб чиқариш майдонларини ободонлаштириш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади. «Нукус-фарм» эркин иқтисодий зонасида ҳозирча 8 тадбиркорлик субъекти ўз лойиҳаларини амалга оширмоқда. Амалга оширганда ҳам, лойиҳалар оддий ишлаб чиқаришга эмас, юқори технологиялар асосида маҳсулотларни экспортга йўналтириб, керак бўлса, импорт ўрнини боса оладиган маҳаллийлаштириш лойиҳасига киритилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Хомашё ва минерал ресурслар, ҳудуднинг тараққиёт истиқболларидан келиб чиққан ҳолда, фармацевтикага ихтисослаштирилган бу кичик саноат зонасидан келажакда йилига 14,86 миллион доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилмоқда. Ички бозорнинг маҳсулот билан таъминланиши бу алоҳида муваффақият дегани. Улар йилига 2267 тоннадан ошиқ маҳсулот ишлаб чиқариши ва 1109 миллион 500 мингдан ортиқ шприц, инфузион система, тиббиёт шиша идишлари, шунингдек, тайёр дори маҳсулотлари етказиб бериши назарда тутилган. Бу 563 иш ўрни яратиш имконини беради.

Кичик саноат зонасининг ташкил этилиши натижасида шу ҳудуддаги аҳоли газ, электр ва ичимлик суви билан таъминланади. Шимолий автовокзал кўчирилгандан сўнг, бу ер шимолдаги 6 туманга чиқиш дарвозасига айланади. Шунингдек, келажакда Буюк ипак йўли трассаси ҳам шу ердан ўтиши кутилмоқда. «Нукус-фарм» атрофидаги 50 хизмат кўрсатиш шохобчаси, икки-уч қаватли офислар, дорихоналар ҳудуднинг кўркига-кўрк қўшади.

Холида Матжонова, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг табиий фанлар илмий-тадқиқот институти Ўсимликлар экологияси лабораторияси бошлиғи, биология фанлари номзоди:

– Юртимиз саноатида маҳаллий шифобахш ўсимликлардан дори маҳсулотлари тайёрлаш долзарб муаммо бўлиб келмоқда. «Нукус-фарм» ушбу муаммо ечими йўлидаги муҳим қадамлардан бўлди. Нукус шаҳри ҳудудида бир қанча касалликлар билан курашишга имкон берадиган маданий ва ёввойи доривор ўсимликлар ўсади. Қандли диабет ва жигар касалликлари, гастрит, панкреатитни эмлашда ёрдам берадиган, атеросклерознинг олдини оладиган «Амарант» ўсимлиги, руҳиятнинг бузилишига шифо бўладиган «Адираспан», овқат ҳазмини яхшилайдиган, болаларда қабзиятни енгиллаштирадиган «Сачратқи», оғриқни қолдириш, балғам кўчириш хусусиятларига эга «Алтей», ички қон кетишини, бўғимлардаги оғриқни тўхтатувчи «Окопник», нафас йўллари касалликларида даво бўладиган «Қизилмия илдизи», жигар, ошқозон, бронхит, камқонлик ва аллергик хасталиклар давоси «Отқулоқ» сингари табиий ҳолда ўсадиган ва кўпаядиган шифобахш ўсимликлар шулар жумласидандир.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида кўп тарқалган, тез ўсадиган ва алоҳида парвариш талаб қилмайдиган шифобахш ўсимликлар кўп. Ушбу ўсимликлардан маҳаллий саноатда хомашё ёки тайёр дори ишлаб чиқариш, ички бозордаги дорилар баҳосини арзонлаштириш, синтетик ва сифатсиз дори-дармонларни ички бозордан сиқиб чиқаришга имкон яратади. Бунинг учун экологик тоза ҳудудларда доривор ўсимликларни ўстириш ва кўпайтириш мақсадида плантациялар ташкил этиш лозим. Юқорида номи зикр этилган илмий ҳамда халқ табобатида кенг қўлланиладиган шифобахш ўсимликлар асосан ёввойи ҳолда ўсиб, уруғидан кўпаяди, ер танламайди. Масалан, халқ тилида коврак деб номланувчи «Ферула» доривор ўсимлигининг нормал ривожланиши учун йилига 150 миллиметр намлик кифоя. Бу ўсимлик халқаро тиббиётда ичакни қуртлардан тозалаш, иммунитетни мустаҳкамлаш, сил касаллигини даволашда фойдаланилади.

Кўринадики, кичик саноат зоналари қандай соҳага ихтисослаштирилган бўлишига қарамасдан, мамлакатимизни иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, фойдаланилмасдан қаровсиз ётган жойларда янги, замонавий корхоналар барпо этиш орқали бу ерларни ободонлаштириш ҳамда фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражасини кўтаришга хизмат қилади.

М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси

 

ЎзА