– Миллий хавфсизлик хизмати, прокуратура соҳаларидаги ўзгаришлар жамиятда адолат тамойилини янада кучайтиришга қаратилган, – дейди юридик фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Ҳалим Бобоев. – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир соҳага ана шу нуқтаи назардан чуқур кириб бораётгани катта жасорат. Уни бу йўлда бутун халқимиз қўллаб-қувватлаши керак.
Давлатимиз раҳбарининг парламентга мурожаатномасида ҳар қайси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи бевосита ўз ваколати доирасидан чиқмайдиган, бир-бирининг функциясини такрор этмайдиган тизим шакллантиришимиз шарт, деб қайд этган эди.
Айнан шу йўналишда чалкашликлар юзага келгани, битта идоранинг, масалан миллий хавфсизлик хизматининг ваколатлари кучайиб кетгани соҳада айрим нохуш ҳолатлар пайдо бўлишига олиб келгани, тизимда коррупция ҳолатлари учрагани сир эмас.
Бу соҳада узоқ вақт очиқ ислоҳот олиб борилмагани унинг халқ учун мавҳумлашиб боришига, мазкур идоранинг халқдан бутунлай узилиб қолишига шароит яратди.
Президентимиз барча соҳаларда янгича ёндашув асосида ислоҳот ўтказаётгани, яъни жамоатчилик назорати институтларини кучайтириш, ҳар бир идора фаолиятини халқ манфаатига бўйсундиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари бутун халқнинг кўнглидан чиқмоқда.
Давлатимиз раҳбари суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ишига фақат ва фақат халқимизнинг ўзи баҳо беради, деб айтганининг ўзидаёқ соҳани халқпарвар тизимга айлантириш мақсади мужассам. Шундай эмасми?
Шу нуқтаи назардан Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини ҳам ислоҳ қилишга киришилгани, соҳага оид қонун ишлаб чиқилиши ислоҳотларда мутлақо янги саҳифа очди.
Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган Миллий хавфсизлик хизматининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида мазкур хизматнинг фаолияти холис баҳоланган ҳолда, унинг айрим бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари фаолияти танқид қилинган. Замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, Миллий хавфсизлик хизматининг таркибий тузилишини қайта кўриб чиқиш кераклиги таъкидланган.
Биз бундай холис ёндашув, ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз. Соҳада кадрлар билан боғлиқ ўзгаришлар амалга оширилгани халқимиз кутган жуда тўғри қарор бўлди.