Москва ва Киев делегациялари иштирокида Украинадаги вазиятни ўнглаш мақсадида Беларуснинг Гомель вилоятида уюштирилган музокара ниҳоясига етди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди. Қарийб 5 соат давом этган учрашув якунида томонлар яна бир мулоқот ўтказишга келишишди.
Россия делегацияси аъзоси, президент ёрдамчиси Владимир Мединскийнинг айтишича, вакиллар кун тартибидаги барча масалаларни батафсил муҳокама қилишди, умумий ёндашувларни тахмин қилиш имконини берадиган нуқталарни аниқлаб олишди.
Мединский кейинги учрашув тез кунларда, Польша-Беларусь чегарасида бўлиб ўтишини маълум қилди.
«Ўша вақтгача ҳар бир делегация аъзолари ҳамда раҳбарлари музокаранинг барча йўналишлари бўйича ўз мамлакатлари етакчилари билан маслаҳатлашиб олади», — дея ўз сўзини якунлади президент ёрдамчиси.
Россиянинг музокарада қатнашган яна бир вакили, Давлат думаси Халқаро масалалар қўмитаси аъзоси Леонид Слуцкий «Россия 24» телеканали эфирида «томонлар бир-бирини эшитгани» ва «бир қатор муҳим масалаларда ижобий натижага эришиш мумкинлиги юзасидан умумий тил топишгани»ни қайд этди.
Ўз навбатида Украина президенти идораси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк томонлар аниқ қарорларни кўзда тутувчи устувор мавзуларни белгилаб олганини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, 2-босқичда ушбу мавзулар ривожлантирилади. Украина учун учрашувдан кўзланган асосий мақсад ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилиш эди, деди президент маҳкамаси бошлиғининг маслаҳатчиси.