Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида бўлди.

Давлатимиз раҳбари 24 февраль куни Беруний туманига борди.

Бу ерда Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда шамол электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан, ушбу мажмуага тамал тоши қўйиш маросими бўлди.

– Қорақалпоғистоннинг инсонлари меҳнаткаш, ери бой. Энди шамоллариям иқтисодиётга манфаат келтиради. Агар биз катта-катта корхоналар қурамиз, десак, ҳамкорларимиз авваламбор «энергетиканг борми, йўлинг борми, инфратузилманг борми» деб сўрайди. Бу ерда қуввати 100 мегаватт бўлган шамол электр станцияси барпо этилиши ҳудуд иқтисодиётига қўшимча куч, замин бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қорақалпоғистонда ягона бўлган Тахиатош иссиқлик электр станцияси бундан 65 йил аввал қурилган бўлиб, ҳудуд эҳтиёжини қондириш учун етарли эмас эди. Шунинг учун ушбу станция 680 миллион доллар эвазига модернизация қилиниб, 560 мегаватт қувватлар ишга туширилди.

Мана энди янги йўналишда, экологик тоза яна бир электр станцияси қурилиши бошланмоқда. Йиллик қуввати 360 миллион киловатт-соат бўлган ушбу лойиҳа 108 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилади.

Бу лойиҳа ишга тушгач, 110 минг хонадонни қўшимча электр энергияси билан таъминлаш мумкин бўлади. Йилига  106 миллион куб метр табиий газимиз тежалади.

– Инсон қадри учун, деган бош тамойил асосида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳам катта марралар олганмиз.

Келгуси беш йилда 2 минг 500 та янги корхона ташкил этиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб икки баробарга ошириш режалаштирилган. Қайта тикланувчи энергия манбалари бу ишларга кучли туртки беради. Бундан фарзандларимиз, келажак авлодлар ҳам манфаат кўради, – деди давлат раҳбари.

Лойиҳа бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг техник кўмагида эълон қилинган халқаро тендерда Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси 20 га яқин талабгорлар ўртасида ғолиб бўлган. Ушбу компания томонидан давлат-хусусий шериклик асосида ишлаб чиқариладиган шамол энергияси учун энг паст тариф – 1 киловатт-соат электр учун 2,56 цент таклиф қилинган.

Яна бир муҳим томони, станция қурилишида минг нафар қорақалпоқ ёшлари ҳам қатнашади. У ишга тушгач эса, 100 нафар малакали муҳандис ва техник ходимлар юқори даромадли доимий иш билан таъминланади.

Лойиҳа доирасида 25 та шамол турбинаси ўрнатилади, 20 километр бўлган 220 киловатт кучланишли электр узатиш ҳаво линияси қурилиб, бу қувватлар мамлакат ягона энергетика тизими билан тўлиқ уланади.

Президентимиз лойиҳа учун зарур нарсаларни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади. Масалан, “Тахиатош металл конструкция” заводида таянч устунлар, “Нукус электр аппарат” корхонасида трансформатор ва электр техника жиҳозлари, бошқа корхоналарда эса – кабель ва ўнлаб турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин.

Қорақалпоғистонда шамол энергияси ишлаб чиқариш имкониятлари чексиз экани қайд этилди.

 Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилинган Оролбўйи минтақасида бошланган бу лойиҳа “яшил энергия” ишлаб чиқариш бўйича “биринчи қалдирғоч”. Келгуси беш йилда бу ҳудудда қуввати қарийб 1 минг 800 мегаватт бўлган 3 та шамол станцияси ишга туширилади, – деди давлатимиз раҳбари.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев шамол электр станцияси пойдеворига капсула қўйди.

Маросимда “ACWA Power” компанияси раҳбари Муҳаммад Абдулла Абунаян, соҳа мутахассислари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқди.

Мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўтган йили Навоий вилояти Кармана туманида илк қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилган эди. Сурхондарё вилояти Шеробод туманида шундай яна бир станция қурилиши бошланган.

Умуман, бу соҳада 3 миллиард доллар миқдоридаги хорижий инвестициялар ҳисобига, жами 2 минг 900 мегаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станциялари барпо этилмоқда.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги Чимбой гузари маҳалласида бўлди.

Аҳолининг турмуш шароитларини кўриш учун айнан шу жойга келингани бежиз эмас. Одамлар бу ерга 2000-йиллардан ўрнаша бошлаган. Уйлар режасиз қурилгани сабабли кўчалар тартибсиз бўлиб қолган, электр энергияси ва ичимлик суви етишмасди.

Ҳозирга келиб маҳалла аҳолиси 14 мингдан ошган. Бу ерда ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масаласи долзарб бўлиб борди. Ва ҳудуд яқинда «Обод маҳалла» дастури доирасида ободонлаштирилди. Кўчалар таъмирланиб, пиёдалар йўлакчаси қурилди.

Трансформатор ва устунлар ўрнатилиб, электр тармоқлари тортилди. Ариқлар тозаланиб, дарахтлар экилди.

Маҳаллада иш жойи ва тиббий хизмат йўқ эди. Шу боис енгил конструкциядан тўқимачилик корхонаси ташкил этилди. Бу ерда 300 дан ортиқ хотин-қиз иш билан таъминланди. Давлатимиз раҳбари улар билан суҳбатлашди.

– Маҳалладаги ўзгаришларни, сизларнинг ишли бўлганингизни кўриб, хурсанд бўлдим. Қўлида ҳунари бор аёлнинг кайфияти яхши, оиласи ҳам барқарор бўлади. Бундай ишларни ҳали кўп қилишимиз керак. Албатта, қийин бўлади. Лекин биз бир оиламиз. Бирлашиб, ҳамма режаларни амалга ошира оламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент бу ерда маҳалла маркази қуриш, шаҳардаги бошқа оғир ҳудуддарни ҳам обод қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ердаги тиббий хизмат пункти ҳам кўздан кечирилди. Қорақалпоғистонда янги клиникалар қуриш, тиббиёт кластерлари ташкил этиш режалари муҳокама қилинди.

Маҳалланинг “Кўктепа” кўчасидаги 8 та уй намунавий хонадонга айлантирилган. Ҳовлилар тартибга келтирилиб, иссиқхоналар қурилган. Президент улардан бири – Габит Жусупов хонадонида меҳмон бўлди.

– Кечадан бери Қорақалпоғистоннинг энг узоқ, энг оғир ҳудудларига бораяпмиз. Ҳозир менга айтишди: Нукусда шароити ёмон яна еттита маҳалла бор экан. Уларни ҳам обод қилиш, йўлини, сувини, электрини тўғрилаш бўйича режаларни белгиладик, – деди давлатимиз раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида иш бошлаган пластик эшик ва ромлар корхонасини бориб кўрди.

Бу лойиҳа учун Жана базар маҳалласи ҳудудидан 4 гектар ер ажратилиб, 2 миллион долларлик қурилиш ишлари амалга оширилган. Замонавий асбоб-ускуналар ўрнатилиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари тортилган. Корхона жами 270 минг квадрат метр эшик ва дераза ромлари тайёрлаш қувватига эга. Бу ерда 230 киши иш билан таъминланди. Уларнинг кўпчилиги ёшлар.

Давлатимиз раҳбари корхонанинг иш жараёни, маҳсулотларини кўздан кечирди.

Нукус шаҳрига Тошкент шаҳар ҳокимлиги бириктирилган. Ҳудуднинг драйвери – озиқ-овқат ва қурилиш материаллари саноати, туризм. Шу асосда Нукус шаҳрини 2022 йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, умумий қиймати 1 миллиард 361 миллион сўмлик 10 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида қўшимча 3 мингта иш ўрни яратилади.

Президент Жеке терек маҳалласидаги янги турар жой мажмуаси қурилиши майдонида ҳам бўлди. Бу ерда 5 та 16 қаватли уй барпо этиш мўлжалланган. Уларнинг биттаси ҳозир қурилмоқда.

Бу мажмуа янги турдаги қурилиш конструкцияси асосида тикланади. Ташқи деворлар уч қопламали бўлиб, хонадонларнинг қишда илиқ, ёзда салқин туришини таъминлайди. Уйлар замонавий жиҳозланиб, тайёр ҳолда топширилади.

Давлатимиз раҳбари Нукус шаҳридаги инвестиция лойиҳалари ситуацион маркази фаолияти билан танишди.

Бу муассаса бизнес лойиҳаларни шакллантириш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш бўйича яхлит тизим сифатида ишлайди. “Ягона дарча” тамойили асосида вазирлик, идора, ҳудуд ва ташкилотлар ўртасида тезкор ҳамкорликни таъминлайди.

Марказда учта – ҳудудий лойиҳа гуруҳи, стратегик ривожлантириш гуруҳи ва тадбиркорларга тезкор ёрдам гуруҳи бор. Шунингдек, Тадбиркорлар кенгаши бўлиб, лойиҳа гуруҳлари билан бирга янги ғоя ва таклифларни муҳокама қилади ҳамда уларга ишбилармонларни жалб этади.

Бундан ташқари, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси мутахассислари ҳудудда имконияти бор лойиҳаларни ишлаб чиқиб, тайёр ҳолда аҳолига таклиф қилади.

Марказга етакчи саноат тармоқларининг вакиллари бириктирилган. Президентимизга Қорақалпоғистонда ушбу тармоқларда режалаштирилган лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.

Аввал хабар қилинганидек, Оролбўйи ҳудудини биргаликда ривожлантириш учун вилоят ҳокимликлари ҳам жалб этилган. Улар томонидан Қорақалпоғистоннинг ҳар бир тумани бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган. Марказда ушбу режалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

З.ЖОНИБЕКОВ,

А.МУСАЕВ,

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбирлари