Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Ҳурматли Татьяна Акбаровна!
Муҳтарам Самарқанд аҳли!
Барчангизга маълумки, шу кунларда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг 80 йиллик таваллуд айёми бутун мамлакатимизда кенг нишонланмоқда.
Мана, ҳозиргина Қашқадарё вилоятида бўлиб қайтдик. Қарши шаҳрида Ислом Абдуғаниевич хотирасига бунёд этилган ҳайкалнинг тантанали очилиши ва эҳсон маросими бўлиб ўтди. Ана шу хотира тадбирларининг давоми сифатида сизлар билан азим Самарқанд шаҳрида, том маънода табаррук заминда яна бир тарихий воқеа муносабати билан тўпланиб турибмиз.
Қадимий Самарқанд диёридаги энг биринчи масжид бўлмиш машҳур Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида Биринчи Президентимизнинг мақбара ёдгорлигининг очилиш маросимида иштирок этмоқдамиз.
Не-не буюк воқеаларга гувоҳ бўлган, қанча-қанча улуғ зотлар мангу ором топган бу кўҳна заминда, Ҳазрати Хизр ва Шоҳи Зинда зиёратгоҳлари ёнига бугун яна бир қутлуғ қадамжо қўшилмоқда.
Ҳаммангиз хабардорсиз, ўзларининг васиятига биноан Биринчи Президентимиз айнан мана шу муборак масканга дафн этилган эди.
Албатта, биз бу ёдгорлик мажмуасини кенг ва катта майдонда, жуда маҳобатли қилиб қуришимиз ҳам мумкин эди. Лекин бир ҳақиқат ҳаммамизга яхши аён: раҳматли Ислом ака ғоят камтарин, самимий, оддий инсон эдилар. Ортиқча ҳашам ва дабдабани ёқтирмас эдилар.
Кўпни кўрган, донишманд халқимиз яхши тушунади: улуғ шахслар хотирасига бунёд этилган ёдгорлик обидаларининг қиммати, аввало, ана шу инсоннинг ўз халқи ва Ватани, келгуси авлодлар олдидаги эзгу ва савоб ишлари, одамлар қалбида қолдирган сўнмас хотираси билан ўлчанади.
Барчамиз гувоҳмиз: Ислом аканинг вафотларидан сўнг бутун юртимиздан, ер юзининг турли ўлкаларидан бу ерга минг-минглаб зиёратчилар оқиб кела бошлади. Шунинг ўзиёқ мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, мамлакатимизга 27 йил давомида раҳбарлик қилган Биринчи Президентимиз ўзининг буюк тарихий хизматлари билан халқимиз хотирасида, жаҳон жамоатчилиги ўртасида қанчалик ёрқин из қолдирганини кўрсатади.
Ишончим комил, бугун ушбу мақбара очилиши билан зиёратчилар оқими янада кўпаяди. Бу маскан одамлар, айниқса, ёш авлодимизнинг қадами ҳеч қачон узилмайдиган муқаддас зиёратгоҳга, катта тарбия масканига айланади.
Азиз дўстлар!
Улуғ Юртбошимизга кўрсатилаётган юксак ҳурмат-эҳтиром ҳақида, унинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритар эканмиз, яқин ўтмишда барчамизнинг юрагимизда оғир яра бўлиб қолган бир воқеа кўз олдимиздан ўтиши табиий, деб ўйлайман.
Биз ўзгаларга қарам бўлиб яшаган мустабид тузум даврида бутун онгли ҳаётини эл-юрт равнақига бағишлаган инсонлар, аввало, республикамиз раҳбарлари хотирасига, афсуски, муносиб иззат-икром кўрсатилмади. Бунинг ўрнига уларнинг шаънига турли туҳмат ва бўҳтонлар ёғдирилганини кекса авлод вакиллари, муҳтарам фахрийларимиз ҳозиргача афсусланиб эслайдилар.
Одамийликни, инсон хотирасини ҳамиша азиз ва муқаддас деб биладиган бизнинг халқимиз бундай адолатсиз ишларни асло қабул қилмайди. Юртимизда бундай номаъқул ишларга энди ҳеч қачон йўл қўйилмайди.
Ватан учун, халқ учун бутун борлиғини бахш этган, ўзини аямасдан, фидокорона хизмат қилган улуғ зотларга юксак эҳтиром кўрсатиш бизнинг мамлакатимизда доимо биринчи ўринда туриши, керак бўлса, ҳаётимиз қоидасига айланиши зарур. Шундагина биз ўз қадр-қимматини чуқур англаган, бошқалар ҳам ҳурмат қиладиган халқ ва миллат сифатида ўзлигимизни намоён қила оламиз.
Қадрли юртдошлар!
Кўз ўнгимизда қад ростлаб турган ушбу бетакрор мажмуа, аввало, мустақиллигимиз асосчиси, истиқлолимиз меъмори бўлган муҳтарам Ислом Абдуғаниевичнинг ўлмас хотирасига халқимизнинг чексиз ҳурмат-эҳтироми ва меҳр-муҳаббатининг амалий ифодаси сифатида барпо этилди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган минглаб бунёдкор қурувчилар томонидан қисқа муддатда бу ерда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Бу муҳташам мақбара мажмуасини қуришда Шарқ олами, хусусан, Ислом Абдуғаниевич жондан севган Самарқанд тарихий обидалари, миллий меъморлик мактабига хос усул ва анъаналар ҳар томонлама ҳисобга олинди. Амир Темур, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Хожа Аҳрор Валий каби буюк боболаримиз мақбараларининг гумбазлари, ноёб нақшлари ва деворий безакларидан ижодий фойдаланилди.
Ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилишда муҳим бир жиҳатга алоҳида эътибор беришингизни сўрар эдим. Мақбара пештоқларига муқаддас Қуръон оятлари ва ҳадис намуналари битилган бўлиб, уларда теран маъно мужассам. Бу илоҳий калималар ҳар қайси инсонни маънавий жиҳатдан покланишга, ҳаётнинг маъно-мазмунини чуқурроқ англашга даъват этиб туради.
Зиёратгоҳ ёнида бунёд этилган ўзбекона гўзал айвон деворларига муҳрланган Биринчи Президентимизнинг ҳикматли сўзларида айтилганидек, инсон бу дунёдан ўтиб кетганидан кейин ҳам унинг эзгу ишлари, эзгу хотираси мангу яшайди.
Бу борада Ислом Абдуғаниевичнинг ўзлари барчамиз учун юксак ибрат ва ўрнак намунаси бўлиб яшадилар, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу мажмуани барпо этишда иштирок этган меъмор ва қурувчилар, пудратчи ташкилотлар вакилларига, бу хайрли ва савоб ишга ҳисса қўшган барча-барча инсонларга, Самарқанд аҳлига ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдиришга рухсат этгайсиз.
Азиз ва муҳтарам юртдошлар!
Мард ва олижаноб, бағрикенг халқимиз мустақил Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовни, ул зотнинг Ватан олдидаги беқиёс хизматларини ҳеч қачон унутмайди.
Барчамиз учун азиз ва қадрли бўлган Ислом акамизнинг охиратлари обод бўлсин!
Мана шундай буюк инсонларни тарбиялаб вояга етказган халқимиз доимо омон бўлсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат.