Япониянинг энг йирик темирйўл компанияси бўлмиш JR East жума куни водород двигателида ҳаракатланадиган «Хибари» поездини намойиш қилди. Поезд Токионинг жанубида Кавасаки шаҳридаги тажриба базасида журналистларга кўрсатилди, деб хабар бермоқда Kyodo ахборот агентлиги.
Поездни синовдан ўтказиш ишлари март ойининг ўрталарида мамлакат пойтахтидаги трассаларнинг бирида бошланади. Двигатель бакдаги водород қўшилмасининг атмосферадаги кислород билан кимёвий реакцияга киришиши ҳисобига электр қувватини ишлаб чиқаради. Ўз навбатида, ишлаб чиқилган электр қуввати катта ҳажмдаги батареяларга тўпланади. Атмосферага фақат атроф-муҳитга зиёни тегмайдиган зарарсиз сув буғи тарқалади.
Бундай турдаги поездлар водород ёқилғиси қуйилгандан кейин 140 километргача юра олади. Уларни қишлоқ жойларда ҳали ҳам дизелда юрадиган поездлар ўрнига қўллаш мўлжалланмоқда. JR East компанияси поездлари ҳар йили атмосферага тахминан 2,5 миллион тонна ис газини чиқаради. Янги технологияларни, жумладан, экологик тоза водород двигателларини жорий қилиш эвазига 2030 йилга бориб ҳавога чиқаётган из газини икки баробарга камайтириш режалаштирилмоқда. 2050 йилга келиб эса, JR East ис газини ҳавога чиқаришни бутунлай тўхтатишни мўлжалламоқда. Бу Япония ҳукуматининг асримиз ўрталарига бориб саноат корхоналари ва автомобилларнинг ис газини ҳавога чиқарилишига бутунлай барҳам бериш режасига мос келиши таъкидланмоқда.