Президентимиз Абул-Муъийн ан-Насафий зиёратгоҳидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди

Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида жойлашган Абул-Муъийн ан-Насафий қадимий зиёратгоҳлардан саналади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Абул-Муъийн ан-Насафий мақбарасини обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, бу масканда кутубхона ташкил этиш, буюк олим асарларини халқимизга етказиш бўйича тавсиялар берган эди.

Айни пайтда мазкур зиёратгоҳда кенг кўламли қайта таъмирлаш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Абул-Муъийн ан-Насафий калом илмининг буюк намояндаларидан бири бўлиб, у Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридия таълимотининг дунёда кенг миқёсда тарқалишига катта ҳисса қўшган алломалардандир.

У киши илму урфонда етук, зиёли бир оилада улғайган. Аждодларидан аксарияти, айниқса, фиқҳ илми соҳасидаги улкан салоҳиятлари билан халқ орасида обрў қозонган. Абул-Муъийн ан-Насафийнинг катта бобоси Макҳул Насафий Имом Мотуридийнинг шогирди бўлган. Бобоси Муътамид ибн Макҳул Насафий эса ҳанафий олимлар орасида машҳур эди. Абул-Муъийн ан-Насафий бошланғич илмни бобоси ва отасидан олади.

Араб олими Хайриддин аз-Зириклий “Ал-Аълом” асарида ва Умар Ризо Каҳҳола “Муъжам ал-муаллифийн” асарида Абул-Муъийн ан-Насафийнинг 1027 йил Насаф (ҳозирги Қарши) шаҳрида туғилганлигини зикр этган. Унинг вафоти ҳақида эса аксар манбаларда 1114 йил кўрсатилган.

Жаҳон кутубхоналарида сақланадиган Абул-Муъийн ан-Насафийнинг асарлари орасида “Табсират ал-адилла фи усул ад-дийн аъла тариқати Аби Мансур ал-Мотуридий”, “Баҳрул-калом фи илмил калом” ва “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид” китоблари жуда эътиборли ҳисобланади. Унинг “Табсират ал-адилла фи усул ад-дийн аъла тариқати Аби Мансур ал-Мотуридий” (Дин асосларини имом Абу Мансур Мотуридий тариқатига биноан далиллар билан шарҳлаш) асарида мотуридия таълимоти далиллар билан шарҳланади. Олимнинг “Баҳрул-калом фи илмил калом” асари мотуридия мактабининг калом илми бўйича асосий манбаларидан биридир.

Давлатимиз раҳбари уламолар билан суҳбатда буюк бобокалонимиз асарлари бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятли экани, уларни қайта нашр қилиб, мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Президентимиз зиёратгоҳда сақланаётган қадимий Қуръон нусхасини кўздан кечирди, уни асраб-авайлаш бўйича тавсиялар берди.

 

Умар Асроров, ЎзА