Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши ҳамкорлигида Мўйноқ туманидаги «Оқ кема» болалар дам олиш марказида Ички ишлар бўлимларида профилактик ҳисобда турган ёшлар учун ўқув ҳафталиги ўтказилмоқда.

Тадбирни ўтказишдан мақсад, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 январда қабул қилинган «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашдан иборат.

Мазкур ҳужжатда ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий қилиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшларнинг муаммоларини бевосита маҳаллаларда ечиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада орттириш белгиланган. Жумладан, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашиш ҳам назарда тутилган.

Марказда ёшлар етти кун давомида тегишли органларнинг тажрибали ходимлари томонидан психологик тренингларда қатнашади, спорт мусобоқалари ва турли танловларда иштирок этади.

Е.Қаноатов, ЎзА