Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигига
Термизда “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.
Анжуман Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Давлатимиз раҳбарининг конференция иштирокчиларига йўллаган табригини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Конференция Президентимизнинг 2024 йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Икки кун давом этадиган тадбирда дунёнинг ўнга яқин давлатидан дин арбоблари, нуфузли таълим муассасалари олимлари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этмоқда.
Халқаро анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Халқаро мусулмон уламолар кенгаши раиси (Туркия Республикаси) Али Муҳйиддин Қорадоғий, Бутунжаҳон фатво ҳайъатлари бош котиби (Миср Араб Республикаси), Миср Араб Республикаси муфтийси Назир Муҳаммад Айёд, Ҳиндистон Уламолари уюшмаси раиси Аршад Маданий, Ислом тафаккури институти директори, профессор, доктор (Туркия Республикаси) Меҳмет Гўрмез ва бошқа олиму уломалар сўзга чиқиб, нуфузли анжуман иштирокчиларини табриклади. Ўз даврида муқаддас ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиб, тадқиқ этиш йўлида мамлакатимизда амалга оширилаётган эзгу ишлар ва дунё мулкига айланган асарларининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Ялпи мажлисда, шунингдек, Имом Термизий ва термизий алломалар илмий меросини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган тарғибот фаолияти ва услубларини замон талабларига мос ҳолда ривожлантириб бориш, тарғиботнинг янги методлари ва воситаларидан кенг фойдаланиш юзасидан тажриба алмашилди. Ислом дини равнақига, Ислом цивилизaцияси ривожига беназир ҳисса қўшган Имом Термизий ва термизий алломаларнинг оламшумул аҳамиятга молик диний-маънавий меросини ўрганишга бағишланган тадқиқотлар натижалари умумлаштирилиб, уларнинг навбатдаги босқичида долзарблик касб этаётган вазифалар белгилаб олинди. Муқаддас ислом динининг асл ғоя ва мақсадларини хато талқин этиб, уларни бузғунчи мақсадларда шарҳлаш йўли билан ёшларнинг онги ва дунёқарашини заҳарлашга ҳаракат қилаётган оқимларга қарши ислом уламолари, диний ва илмий-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини бирлаштиришга, буюк аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшлар онгида соғлом дунёқарашни шакллантириш, уларни азалий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш масалаларига эътибор қаратилди.
–Ушбу халқаро анжуман сабаб ислом оламининг олти буюк муҳаддис олимларидан икки нафари – Имом Бухорий ва Имом Термизий таваллуд топган ва мангу қўним топган маскан – Ўзбекистонга келиб, у зотларнинг муқаддас гўшаларини зиёрат қилишимни насиб этган Аллоҳга ҳамдлар айтаман, –дейди Миср Араб Республикаси муфтийси Назир Муҳаммад Айяд.–Мазкур халқаро анжуманни ташкил этиб, бизларни унга таклиф этган Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийларига ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдираман. Нуфузли халқаро анжуман ислом олами ҳадисшунослик соҳасида янги босқични очиб бериши, Имом Термизий ва термизий алломаларнинг илмий меросини чуқур тадқиқ этишда муҳим дастуриламал бўлишига ишонаман.
Анжуман шуъба йиғилишлари билан давом этди.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Термизий –ислом цивилизацияси тарихида муносиб пешқадам” масаласига бағишланган шуъба йиғилишида маҳаллий ва хорижлик исломшунос олим ва илмий тадқиқотчиларнинг маърузалари тингланди.
“Termiz Palace” меҳмонхонасида бўлиб ўтган “Ҳаким Термизийнинг илмий мероси ва бугунги жамият” масаласига бағишланган шуъба йиғилиши қатнашчилари буюк аллома асарлари тадқиқотига бағишланган қизиқарли маърузаларини тақдим этди.
“Zoom” орқали онлайн ташкил этилган “Термизий алломаларнинг илмий меросини ўрганиш” масалаларига бағишланган шуъба йиғилишида ҳам мамлакатимиз ва хорижлик олимлар, илмий тадқиқотчилар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Маърузаларда Термиз ҳадис мактаби, Имом Термизий ҳаёти ва илмий мероси, Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожида тутган ўрни, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асарининг ўзига хос жиҳатлари, Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва илмий мероси, Ҳаким Термизийнинг ҳадис илмида тутган ўрни, Термизий алломалар илмий мероси ва уларнинг ҳозирги кундаги аҳамияти каби кўплаб мавзулардаги долзарб маърузалар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. Таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Халқаро конференция иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёвга мурожаат йўллади. Термиз декларацияси қабул қилинди.
“Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман эртага давом этади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
Жонибек Қўзимуров (сурат),ЎзА