Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.
Унга мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури;
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг таркиби тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда кенг нишонланади.
Барча ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига бағишланган маънавий- маърифий анжуманлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, бадиий кечалар, фестиваллар, сайиллар, маданият ва спорт тадбирлари, атоқли илм-фан намояндалари, маданият ва санъат арбоблари, кекса ва ёш авлод вакиллари, таниқли спортчиларни жалб этган ҳолда байрам тадбирлари амалга оширилади.
Фармонда жойларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамини бугунги давр руҳига ҳамоҳанг тарзда нишонлаш мақсадида:
янгиланган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;
сўнгги йилларда иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциянинг ўрни ва ролини ёритиш;
«Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!» деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини, янги таҳрирдаги Конституция асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида мутлақо янги босқичга ўтилганлигини очиб бериш;
мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик, болалик ва оталикни ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш;
«Конституция ойлиги» доирасида умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида барча ўқувчи ва талабаларни қамраб олган ҳолда Конституция дарсларини ўтказиш кўрсатиб ўтилган.
ЎзА