“Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси, Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватловчи жамоатчилик гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Ҳакамлик судлари ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси филиали ҳамда тегишли соҳа масъул ходимлари иштирокида давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди.
Ушбу давлат дастурларида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлашни йўлга қўйиш вазифаси белгиланган. 2024-2025 ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикасида жами 725 та умумтаълим мактабидаги 144 минг нафардан зиёд бошланғич (1-4) синф ўқувчисини бепул озиқ-овқат маҳсулотлари билан кейтеринг усулида таъминлаш режалаштирилган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан келишган холда “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти умумтаълим мактабларидаги 7-11 ёшли ўқувчилар учун нонуштага мўлжалланган 5 кунлик таомнома” тасдиқланиб, барча умумтаълим мактабига етказилган.
Умумтаълим мактаблари жами 42 лотга ажратилган ва Etender.uzex.uz электрон махсус платформасига танлов (тендер) ўтказиш учун жойлаштирилган. Ушбу танловда 19 та тадбиркорлик субъекти ғолиб деб топилган ва шартномалар тузилган.
Ўрганишлар жараёнида Нукус шаҳридаги 17-, 19-, 36- ва 27-сонли умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш борасидаги ишлар – озиқ-овқат маҳсулотлари хариди, етказиб берилиши, сақланиши, ўқувчиларни овқатлантириш ҳолати, ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши учун ошхоналар ва буфетлар ташкил этилгани ҳамда улардан фойдаланиш ҳолатига эътибор қаратилди. Мониторинг давомида кузатилган камчиликлар, учраётган муаммоларни бартараф этилиши юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга таклиф ҳамда тавсиялар киритилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.