Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан қурилиш соҳасида Давлат дастурлари ижроси аҳволи ва ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги устидан тизимли назорат ўрнатилган.
Бу борада Республика прокурорининг соҳавий ўринбосари томонидан Амударё, Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ижтимоий соҳа объектларида тасдиқланган тармоқ жадвалларига асосан ишларнинг ташкил қилиниши аҳволи ўрганилди. Масъулларга объектларни ўз муддатида ва сифатли топшириш, бюджет маблағларини талон-торож этилишини олдини олиш, ўқув муассасаларини қурилишини пудратчилар томонидан ишчи кучи ва махсус техникалар сонини кўпайтириш орқали жадаллаштириш ва ишчиларни расмий секторга ўтказиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Сўнгра ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик аҳволи, иситиш қозонларини алмаштириш, ортиқча истеъмолга сабаб бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш, бу йўналишда энергия тежамкор ускуналарни татбиқ этиш ҳамда ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолини кўмир маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи ўрганилди.
Ўрганишлар давомида тегишли мутасаддиларга ижтимоий соҳа объектларида қўшимча кўмир захираларини яратиш, қозонхона ва электр генераторларни техник кўрикдан ўтказиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва мавжуд муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.