Мамлакатимизда давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Зеро, давлат хизматига юксак интеллектуал салоҳият ва янгича тафаккурга эга, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштирган, юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳозирги рақобатли меҳнат бозорида ғоят муҳим ҳисобланади.

Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятини тартибга солишга қаратилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Айни пайтда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бугун Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбати ҳам “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.

Тадбирда қонун лойиҳасининг асосий мақсади, аҳамияти, уни қабул қилиш орқали давлат бошқаруви тизимида қандай янгиликлар кириб келиши, давлат органларида ишга кириш, фаолиятни тартибга солиш ва лавозимдан озод этишнинг ягона қоидаларини жорий этиш кўзда тутилгани ҳақида маълумотлар берилди. Мазкур қонун лойиҳаси нормалари фақат Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларда фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларига нисбатан қўлланилади.

Давра суҳбатида давлат фуқаролик хизматчиларнинг даромади ва мол-мулкини декларациялаш тизимини жорий этиш, давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш каби қоидалар атрофлича кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига, ягона иш ҳақи тизими, рағбатлантириш ва жазо чоралари тартиби, ижтимоий таъминот, шунингдек, меҳнат қонунчилигига риоя этилишининг ҳуқуқий кафолатлари каби қоидалари муҳокама қилинди. Депутатлар, эксперт ва олимлар томонидан қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш ва маромига етказиш бўйича қатор таклифлар, тавсиялар берилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА