Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Фаластиннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Абдулла Таршахонийни мамлакатимиздаги дипломатик миссияси якунланаётгани муносабати билан қабул қилди.

Учрашувда элчининг фаолияти давомида Ўзбекистон – Фаластин муносабати изчил ривожланиб, янада мустаҳкамлангани эътироф этилди.

Вазир кўп йиллик фаолияти учун элчига республика ҳукумати, хусусан, Ташқи ишлар вазирлиги номидан миннатдорлик билдираркан, Ўзбекистон Фаластин билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти каби йирик халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлаб, дўстона алоқаларни изчил давом эттиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

Томонларнинг ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлиги тасдиқланди.

– Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ўзига хос тарихга эга, деди А.Комилов. – Ўзбекистон ва Фаластин ўтган арнинг 90-йилларидан бошлаб ташқи сиёсат масаласида доимо бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаб келмоқда. Тан олиш керак, ҳозирча савдо-иқтисодий алоқаларимиз мавжуд имкониятлар даражасида йўлга қўйилган, дея олмаймиз. Шу боис, келажакда ушбу йўналишда шерикликни кенгайтиришимиз зарур.

Ўз навбатида элчи кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг гувоҳи сифатида жамиятнинг барча жабҳаларида юз бераётган улкан янгиланишлардан мамнунлигини изҳор этди.

– Мен Ўзбекистон барча соҳаларда эришаётган мислсиз ютуқларни ўз кўзим билан кўриб, билиб турибман. Элчи сифатида кўплаб тадбирларда иштирок этамиз, ҳудудларда, ташкилот, муассасаларда бўламиз. Энг муҳими, мамлакатдаги мана шундай ижобий ўзгаришларнинг бевосита иштирокчиси эканимдан чексиз фахрланаман. Ўзбекистон ва Фаластин муносабатида ҳали фойдаланилмаган салоҳият катта. Шу маънода ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам тизимли равишда ривожланиб боради, деган умиддаман.

Учрашув якунида жаноб Taршaxоний мамлакатимизда дипломатик миссиясини муваффақиятли амалга оширишда яратилган қулай шароит учун Ўзбекистон томонига самимий миннатдорлик билдирди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА