Бугун – 2 февраль куни Пекиндаги Олимпия шаҳарчасининг жанубий дарвозасида Қишки олимпия ўйинлари машъаласининг биринчи босқич эстафетаси бошланди.
Хитойдаги оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, кечга қадар «Учар» номини олган машъала Пекин ғарбидаги ўйинлар ташкилий қўмитаси жойлашган «Шоуган» боғига етказилиши режалаштирилган.
Эртага 3 февраль куни машъала Олимпия ўйинларининг айрим спорт турлари ўтадиган Янсин шаҳарчасига етиб боради.
Машъалани Пекин бўйлаб олиб ўтиш эстафетасининг учинчи босқичи Чжансзякоу шаҳарчасида бўлиб ўтади. 4 февраль куни машъала XXIV қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросими ташкил этиладиган «Қуш уяси» стадионига етказилади.]
Хабарда айтилишича, эпидемиологик вазият туфайли машъалани олиб ўтиш эстафетаси уч кунга қисқартирилди. Шундай бўлса-да, мазкур жараёнда 14 ёшдан 86 ёшгача бўлган 1,2 минг нафарга яқин хитойликлар иштирок этиши кутилмоқда.
Яна бир аҳамиятли жиҳат, тарихда биринчи марта белгиланган манзилларда Олимпия машъаласини қўлдан-қўлга узатиш жараёнларида роботлар бир-бирларига узатишади.
Т. Рўзиев, ЎзА