Наманганда аёллар ўртасида волейбол бўйича XXIX-Ўзбекистон чемпионати баҳсларига старт берилди.
Чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботиржон Нуриддинов, Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Ҳусан Насруллаев сўзга чиқиб, бу каби мусобақалар ёш авлод вакилларини спортга оммавий жалб этиш билан бир қаторда уларни Республика терма жамоалари сафларига қабул қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Андижон, Хоразм, Самарқанд, Бухоро ва Жиззах вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан жами тўққизта жамоа иштирок этмоқда. 4 февралга қадар кечадаган мамлакат чемпионатида иштирокчи жамоалар айланма тизимда ғолиблик учун куч синашмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ушбу баҳслар айниқса, шу йил июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётган “Olimpic U-17” жамоаси учун ўзига хос маҳорат ва тажриба майдони вазифасини ўтайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумдаги Ўзбекистон чемпионати бешта турдан иборат бўлиб, ғолиблар май ойида ўтказиладиган «плей-офф» баҳслари орқали аниқланади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА