Афғонистоннинг Нангахар провинцияси губернатори вакили Жалолободда Save the Children (Болаларни асранг) ташкилоти идорасига уюштирилган ҳужум оқибатида икки киши қурбон бўлгани ва 12 киши жабрланган, дея хабар берди РИА Новости.
Аввалроқ, 11 киши жабрлангани ва ҳужумдан сўнг дарҳол шифохонага олиб кетилгани ҳақида хабар тарқалган эди.
Бугун эрталаб террорчи-худкуш бино дарвозаси олдида портловчи мосламани ҳаракатга келтирган, шундан сўнг қуролланган шахслар гуруҳи ташкилот ҳудудига кирган. Хавфсизлик кучлари ва ҳужумчилар ўртасидаги қарама-қаршилик беш соатдан бери давом этмоқда, вазиятни назоратга олишнинг имкони бўлмаяпти. Ҳужум қилганлар ҳарбий либосда бўлгани ҳақида хабар берилди. Уларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум.
Маълумотларга кўра, хавфсизлик кучлари ходими ва тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.
Save the Children халқаро нотижорат ташкилоти болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Унинг штаб-квартираси Лондон шаҳрида жойлашган.
ЎзА