2018 йил мамлакатимиз нефть-газ соҳасида муҳим воқеа билан бошланди. Устюрт минтақасининг Сурғил майдонида газ конденсатининг янги саноат захиралари топилди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.
Конни қидириш ишлари Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг нефть ва газга бой Устюрт минтақасида геология-қидирув ишларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида олиб борилди. Унга мувофиқ, “Ўзбекгеофизика” акциядорлик жамияти мутахассислари Устюрт текислиги ер остида углеводородлар қидириш ишларини кенгайтирди.
Устюрт минтақаси – шафқатсиз ҳудуд. Қишнинг совуқ изғирини, ёзнинг жазирама иссиғи, сув йўқлиги уни амалда яшашга яроқсиз қилади. Аммо, бу унумсиз ерга келган тадқиқотчи-геологлар шу ердан табиий бойликлар – углеводород конлари топишди.
Ҳудуднинг ноқулай иқлим шароити ва ҳароратнинг кескин ўзгаришига қарамай, мутахассислар 1-бурғилаш минорасини ўрнатди ва дастлабки қудуқни қурди. Мамлакатимиз тадқиқотчи-геологларининг тахминлари тўла тасдиқланди – қудуқдан биринчи газ кубометрлари чиқди. 2018 йил бошида ўтказилган тоғ-геофизика ишлари натижасида 3600 метр чуқурликда газ ва конденсат мавжудлигини топишга эришилди.
Мамлакатимиз нефть-газ саноатини ривожлантириш дастурида Сурғил кони алоҳида аҳамиятга эга. Уни қазиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва бой ресурсларни қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.
Яқин вақтда мутахассислар томонидан углеводород захиралари ўсишининг баҳоси берилади ва Қуйи Сурғил конида геология қидирув ишларининг кейинги йўналишлари бўйича таклифлар тайёрланади.