Юрган дарё, ўтирган бўйра, дейди халқимиз. Дарҳақиқат, ҳаракатда бўлган одам соғлом бўлади. Ишига, умрига барака ёғилади. Лекин ҳеч бир замонда кўрганмисиз ёки эшитганмисиз юрган одамга давлат томонидан рағбат берилганини? Унинг ҳар бир қадамига пул берилишини? Бунақаси бўлмаган.

Эсимда, бундан 40-50 йиллар муқаддам иш кунлари бозор-ўчар ёки боғу хиёбонларда сайр қилаётган одамларни тинч қўйишмас эди. Нега юрибсан? Нимага бекорчисан? Қаерга кетяпсан? Ўша пайтлар бамайлихотир пиёда юришга ҳам қўйишмас эди.

Шукр, бугун турмушимизда доруломон кунлар шамоли эсиб турибди. Ишлаган тишлаяпти. Ҳаракат қилган инсон борки, нимагадир эришяпти. Тўй қилаяпти, муваффақиятини нишонляпти. Ўзгаларга меҳр кўрсатяпти.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, орамизда бу ҳолатларни қораловчилар, ўзгача фикр юритадиганлар ҳам йўқ эмас. Борлиги бир жиҳатдан яхши ҳам. Зеро, жамиятнинг юксалиши, турмуш фаровонлигига эришиши турфа қарашли инсонлар, ҳар хил фикрлар қоришиғида вужудга келади.

Бироз чалғидик. Фикрларимиз пиёда юришга давлатнинг эътиборию, унинг замирида оддий одамлар ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар ҳақида эди.

 

10 минг қадам юриб пул топганлар сони ва уларга берилган пул миқдори маълум

Ёши 90 га яқинлашиб қолган бўлса-да ҳар куни ўнлаб километр пиёда юрадиган инсонларни эшитганмисиз ёки шаҳрингизда, маҳаллангизда, қишлоғингизда кўпроқ кимлар пиёда юришига разм ташлаганмисиз. Мушоҳада юритганмисиз?

– Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Туризм ва спорт вазирлиги томонидан “Соғлом турмуш тарзи” платформасига асосан 10 минг қадам юрган инсонларни рағбатлантириш тизими жорий этилган эди. Ўтган йил давомида мазкур платфорама туфайли 1 миллион 200 минг нафардан зиёд фуқаро ушбу платформа туфайли маблағли бўлди. Бошқача айтганда 10 минг қадам ва ундан ортиқ юрганларга 47 миллиард сум маблағ тулаб берилди, – дейди  Туризм ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Зарина Абдуллаева.

Ҳақиқатан, мамлакатимиз аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган мазкур соғлом турмуш тарзи платформасининг жорий этилганлиги анча хайрли бўлди.

Ўз соғлиғингиз ўзингизга керак

– Ёшим 75 да. Ўтган йили 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган инсонларга пул бериш тизимининг жорий этилганлиги зўр иш бўлди. 2009 йилдан бери пиёда юришни канда қилмайман. Аввало, ўз соғлиғингиз ўзингизга керак. Қаранг, кунига 30-35 минг қадам юраман. Шуни эвазига ўтган йили ҳар куни ҳисобимга 3 минг сумдан пул келиб тушди. Бир ойда ўртача 450-400 мингдан пул ишладим. Бундан ташқари телефонимга 100 М/б ташлаб беришади. Ҳеч бир замонда эшитганмисиз, давлат ўз соғлигини ўйлайдиган одамларни рағбатлантирганини? Бунинг қадрига етиш керак. Пиёда юриш, кўпроқ тоза ҳавода сайр қилиш, имкон бўлса доимий тарзда чўмилиш билан шуғулланмоқ лозим, – дейди пойтахтнинг Учтепа туманида истиқомат қилувчи Абдуқаҳҳор ота Қўчқоров.

Яна бир суҳбатдошимиз Шайхонтоҳур туманида яшаётган 68 ёшли Абдуваҳоб ота Баратов бундан бир неча йил аввал шифокорларнинг тавсияси билан пиёда юришни бошлаганлиги натижасида дардларидан фориғ бўлганлигини айтиб берди.

– Авваллари пиёда юришга у қадар эътибор бермасдим. Бунинг кони фойдалигини юра бошлаганимдан сўнг билдим. Айниқса, Ҳукуматимиз томонидан юрганга пул бериш тизими жорий этилиши пиёда юрадиганлар сафини янада кенгайтирди. Бундан икки йил муқаддам юришни бошлаганимда шаҳар кўча ва хиёбонларида сайр қилаётганлар камчилик эди. Ушбу платформа сабаб юрувчилар сафи анча кенгайди. Ҳозирда кунига 10 километрдан кўпроқ масофани босиб ўтаман. Юриш вақтим эрталаб, пешин ва кечки пайтга тақсимланган, – дейди А.Баратов.

10 минг қадамга 100 миллион

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг март ойидан эътиборан www.1hls.uz платформасида кунига 10 минг қадам юрган фуқароларни рағбатлантиришнинг янги тизими жорий қилиниши бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

Унга кўра, платформа фойдаланувчиларини янада кўпроқ рағбатлантириш мақсадида ҳар ҳафта битта 100 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ва мингта велосипед ўйналади.

Шаффофлик ва холисликни таъминлаш мақсадида ғолиблар “Sport” телеканалида жонли эфирда тасодифий танлаб олиш механизми орқали аниқлаб борилади.

Хуллас, юрган одам нафақат соғлом, бунинг устига совринли бўладиган ўзбек аҳлини жорий йил давомида кўплаб совғалар кўтаётганлиги шубҳасиз. Зотан йил мобайнида 10 минг қадам юрган ҳолда бир миллионли бўлишингиз ёки ҳеч бўлмаганда хонадонингизга янги велосипед кириб келиши эҳтимолдан йироқ эмас. Фақат соғлом турмуш тарзига амал қилсангиз бас.

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА