ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукусда “Турон” мактаб театр кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган жами 17 жамоа иштирок этди.

Танлов ўқувчилар ўртасида театр санъати ва маданиятини кенг тарғиб қилиш ва мактаблардаги театр студияларининг фаолиятини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, уни юқори савияда ўтказиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги масъул этиб белгиланган.

Танлов иштирокчилари “Бизнинг мактаб”, “Маданият ва санъат билимдони”, “Театр – ибратхона” шартлари бўйича ўз билим ва маҳоратини синовдан ўтказди.

Ҳайъат аъзоларининг якуний хулосасига кўра, Нукус шаҳридаги 31-умумтаълим мактабининг “Тонг нури” жамоаси биринчи ўринга лойиқ, деб топилди. Қораўзак туманидаги 1-умумтаълим мактабининг “Қорабўрик” жамоаси иккинчи, Нукус туманидаги 29-умумтаълим мактабининг “Жайхун” жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.

Ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан махсус статуэтка, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА