Пенционерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат олдидаги энг жиддий масалалардан бири ҳисобланиб, ҳар икки томон учун ҳам бу муҳим мавзудир.

Юртимизда 4 миллион нафарга яқин пенционер ва нафақа олувчилар мавжуд бўлиб, уларнинг аҳоли сонидаги улуши 11,5 фоизни ташкил қилади. Шундан 3 миллион 493 минг нафари пенсия ва 422 минг нафари ижтимоий нафақа олувчилардир.
Пенсия жамғармаси  бошқарма бошлиғи  Фаррух Пардаев билан суҳбатимизда фуқаролардан келиб тушаётган бугуннинг долзарб саволларига мутахассис томонидан жавоб берилди ва  соҳага оид  айрим маълумотлар тақдим  этилди.

– Мамлакатимизда  пенсиянинг учта тури мавжуд бўлиб, булар ёшга доир пенсия, ногиронлик пенсияси ва  боқувчисини йўқотганлик пенсиясидир, – дейди Ф.Пардаев. – Белгиланган тартибга кўра, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар эса 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлади.

Ногиронлик пенсиялари белгиланган тартибда тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари  томонидан I ва II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларга тайинланади. Шахс вафот этса, унинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, ёшга доир пенсия умрбод тайинланади.

– Мавсумий ишловчиларнинг пенсияси қандай ҳисобланади?

– Саноатнинг мавсумий тармоқларига оид корхоналар ва ташкилотларда банд бўлган ходимларнинг тўлиқ мавсум мобайнидаги иши бир йил ишлаган деб, тўлиқ мавсум давомида ишламаган бўлса, ҳақиқий ишлаган даври ҳисобга олинади.

Пахта тозалаш саноати корхоналаридаги ишлар, саноатнинг қанд-шакар ва консерва ишлаб чиқариш тармоқлари корхоналаридаги ишлар, тут ипак қурти парваришлаш ва тут ниҳоллари ва тут кўчатлари етиштириш  каби ишлар мавсумий ишлар ҳисобланади.

Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларга пенсиялар тайинлашда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги ўн йили давомидаги исталган кетма-кет беш мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини олтмишга бўлиш йўли билан аниқланади.

– Қандай ҳолларда пенсия миқдори қайта ҳисобланмайди?

– Иш стажи ва пенсия тайинлангандан кейин эга бўлинган иш ҳақи ҳисобга олинган ҳолда пенсия миқдорини қайта ҳисоблашнинг имкони мавжуд эмас.

Умумий белгиланган ёш камайтирилган ҳолда ёшга доир пенсия тайинланган шахсга у умумий белгиланган ёшга тўлганлиги муносабати билан пенсия миқдорини қайта ҳисоблаб чиқилмайди.

– Кимлар  умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин?

– Охирги иш жойидан қатъи назар, уруш ногиронлари ва меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар  белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бунда  кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келганда  эркаклар иш стажи камида 25 йил бўлиб, бундан камида 12 йилу 6 ой дея ҳисобланган. Аёллар иш стажи камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келиши лозим.
Меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда эркаклар камида 6 йилу 3 ой, аёллар камида 5 йил ишлаган ходимларга ушбу пенсия ёши эркакларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йилу 6 ойи учун ва аёлларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йили учун 1 йилга қисқартирилган ҳолда тайинланади.

Болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари уларни саккиз ёшгача тарбиялаган бўлса иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда, башарти, аёл ўгай ўғил ва ўгай қизни улар 8 ёшга тўлгунига қадар камида 5 йил тарбиялаган бўлса, пенсия тайинлашда улар ҳақиқий фарзандлар билан тенг равишда ҳисобга олинади.

Ногирон болалар учун ихтисослашган таълим муассасалари, «Меҳрибонлик» уйлари, ҳарбий академик лицейлар, тарбия колониялари ўқитувчилари — махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, ихтисослашган тиббий муассасаларнинг шифокорлари ва ўрта тиббий ходимлари — махсус иш стажи қишлоқ жойда камида 25 йил ва шаҳарларда камида 30 йил бўлган тақдирда,   қариялар, ногиронлар ва ёлғиз фуқароларга хизмат кўрсатишда бевосита банд бўлган ижтимоий ходимлар эркаклар  махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда ва  аёллар  махсус иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Муҳайё  Тошқораева, ЎзА