Хитой пойтахти Пекинда ўтказиладиган XXIV қишки олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими ўтказилишига саноқли кунлар қолди.
Миллионлаб спорт мухлислари орзиқиб кутаётган тадбирнинг тантанали очилиш маросими қай тарзда ўтиши кўпчилик учун қизиқ.
Ташкилий қўмита маросимнинг қай тартибда кечишини очиқламаётган бўлса-да, Олимпия ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросими директори, кинорежиссёр Чжанг Имоу очиқ мулоқотларда айрим деталларни “гуллаб қўйган”, дея хабар тарқатмоқда Хитой ахборот воисталари.
– Ҳозирча олимпия ўйинлари тантаналари билан боғлиқ барча сирларни ошкор қила олмайман. Бироқ, шуни айтишим мумкинки, машъала ёқиш маросими чинакам инқилоб бўлади. Биз тарихдаги экологик энг тоза олимпиадани ўтказишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ишончим комил, бундай маросимни дунё аҳли ҳали кўрмаган, – дея иқтибос келтирган мулозим.
Маълумот учун, XXIV қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросими 4 февраль куни Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланиши ва 1 соат, 40 дақиқа давом этиши белгиланган.
ЎзА